Ядровий қуролланиш пойгасини бошлайдиган ҳаракат – КХДР AUKUS ҳақида

Олам 4844
image
-

АҚШнинг Австралияга ядровий сув ости кемаларини қуриш технологиясини бериш тўғрисидаги қарори дунёда ядровий қуролланиш пойгасини қўзғатиши мумкин бўлган ўта хавфли қадам. Бу ҳақда Корея Халқ Демократик Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг душанба куни Корея марказий телеграф агентлиги каналлари орқали тарқатилган изоҳида айтилган.

“Бу Осиё-Тинч океани минтақасидаги стратегик мувозанатни бузадиган ва ядровий қуролланиш пойгасини бошлайдиган ўта хавфли ҳаракат”, деган исми ошкор қилинмаган дипломат. Унинг таъкидлашича, Пхеньянда АҚШнинг бу қарори диққат билан ўрганилади.

Президент Жо Байден маъмуриятининг бундай ҳаракатлари “мавжуд халқаро тартибни бузади, тинчлик ва барқарорликка таҳдид солади”, деб таъкидлаган ТИВ вакили. У бундай шароитда КХДР раҳбариятининг мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш тўғрисидаги қарори ўринли бўлганини таъкидлади.

“Ҳозирги вазият биз глобал хавфсизлик соҳасидаги бундай кескин ўзгаришларга тайёр бўлишимиз учун узоқ муддатли мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашда давом этишимиз кераклигини яна бир бор кўрсатди”, дея қўшимча қилган дипломат.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 сентябрь куни АҚШ Президенти Жо Байден, Австралия Бош вазири Скотт Моррисон ва Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон хавфсизлик соҳасида янги уч томонлама ҳамкорлик – AUKUS йўлга қўйилганини маълум қилганди. Келишувга кўра, Австралия Франция билан тузилган кемасозликка оид келишувдан чиқиб, АҚШ билан ядровий сув ости кемаларини қуради.

Франция Австралиянинг келишувдан чиқишини "ортдан пичоқ уриш" деб баҳолади. Расмий Париж Канберра ва Вашингтондаги элчиларини чақириб олди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 174
Рейтинг: 3
t
×