Ядро хавфсизлиги бўйича ШҲТ декларациясини қабул қилиш вақти келди – Мирзиёев

Жамият

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ядро хавфсизлиги кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлаш бўйича Шанхай ҳамкорлик ташкилоти декларациясини қабул қилишни таклиф қилди. Бу ҳақда у бугун, 1 сентябрь куни Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида ўтаётган ШҲТ саммитида сўз очди.

У хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ШҲТнинг ҳал қилувчи устувор йўналишларидан бири эканини эслатиб, бугунги кунда келишилган ёндашувларга ҳамда ишонч ва хавфсизликни таъминлашнинг янги механизмларига талаб кучайиб бораётганини таъкидлади.

“Ядро хавфсизлиги йўлида кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлаш бўйича ШҲТ декларациясини қабул қилиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз. Ушбу декларация тинчлик йўлидаги атомни ривожлантириш ва фавқулодда ҳолатларга жавоб қайтаришнинг мустаҳкам асосига айланади, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигидаги тарқатмаслик глобал режимига муносиб ҳисса бўлади”, деди Мирзиёев.

Шунингдек, Ўзбекистон Президенти терроризм ва экстремизмнинг табиати сезиларли равишда ўзгараётгани, кибержиноятчилик, синтетик наркотиклар ишлаб чиқариш ва айланмаси ўсиб бораётгани, уюшган жиноятчилик кучаяётгани муносабати билан билдирилаётган хавотирларга қўшилишини айтган. У ушбу таҳдидларга қарши самарали курашиш мақсадида Ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирлари кенгаши ишини қайта тиклаш, Жиноятчиликка қарши курашишда ҳамкорлик тўғрисидаги битимни қайта кўриб чиқиш, Гиёҳвандликка қарам бўлиб қолишга қарши курашишнинг 2030 йилга қадар мўлжалланган дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилди.

Шу билан бирга, Мирзиёев “ШҲТ – Афғонистон” мулоқот гуруҳи фаолияти қайта тикланишини қўллаб-қувватлади. Унинг айтишича, конструктив мулоқотларни ривожлантириш ва Афғонистондаги ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш мулоқот гуруҳининг асосий вазифаларидан бири бўлиши мумкин.

Маълумот учун, ШҲТ саммити 31 августдан 1 сентябргача Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Унда 20 дан ортиқ давлат раҳбарлари ва 10 та халқаро ташкилот вакиллари иштирок этмоқда. Саммит якунида ҳамкорлик бўйича 15 та янги ҳужжат имзоланди. ШҲТ 2001 йил 15 июнда Шанхайда ташкил топган. Дастлаб у олтита давлат – Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Тожикистон ва Ўзбекистонни ўз ичига олган бўлса, 2017 йилда Ҳиндистон ва Покистон, 2023 йилда Эрон, 2024 йилда Беларусь ташкилотга аъзо бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев ШҲТ Ядро хавфсизлиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг