Xiaomi Samsung ва Apple’ni ортда қолдириб, биринчи рақамли брендга айланди

Технология 8834
image

Xiaomi 2021 йил июнь ойида Samsung ва Apple брендларини ортда қолдириб, илк марта дунёдаги биринчи рақамли смартфон брендига айланди. Бу ҳақда “Counterpoint” тадқиқот компанияси хабар бермоқда. 

“Xiaomi Хитой, Европа, Африка ва Яқин Шарқнинг муҳим анъанавий бозорларидаги иштирокини кенгайтирди. Унинг биринчи рақамли брендга айланишида Хитой, Европа ва Ҳиндистоннинг иқтисодий жиҳатдан тиклангани ҳамда Samsung'нинг ишлаб чиқаришда таъминот чекловларига дуч келгани сабаб бўлди”, дейди тадқиқот компаниясининг директори Тарун Патҳак.

Қайд этилишича, Xiaomi смартфонлари савдоси ўтган ойга нисбатан 26 фоизга ошиб, компаниянинг глобал сотувдаги улуши 17,1фоизни ташкил этган.

“Xiaomi’нинг Redmi 9, Redmi Note 9 ва Redmi K cериялари яхши ишлайди. Июнь ойида Вьетнамда коронавируснинг янги тўлқини бошлангани Samsung’нинг ишлаб чиқаришига зарба берди, бу эса компаниянинг қурилмалари етишмаслигига олиб келди. Натижада Xiaomi қисқа вақт ичида энг катта фойда олувчига айланди. Агар Вьетнамдаги вазият яхшиланиб, Samsung аввалги ишлаб чиқариш кучини қайта тикласа, Xiaomi биринчи ўринда қолмаслиги мумкин”, дейди Counterpoint катта таҳлилчиси Варун Мишра.

Маълумот ўрнида, Xiaomi мобил қурилмалар ишлаб чиқаришни бошлагандан бери жами 800 миллионга яқин смартфон сотган. Тадқиқот натижаларига кўра, иккинчи ўринни 15,7 фоиз улуш билан Жанубий Кореянинг Samsung компанияси, учинчи ўринни 14,3 фоиз билан Apple компанияси эгаллади.

Эслатиб ўтамиз, Хитойнинг техника ишлаб чиқарувчи компанияси Xiaomi 2021 йилнинг иккинчи чорагида жаҳон телефон бозорида иккинчи ўринни эгаллагани ҳақида хабар берган эдик.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 350
Рейтинг: 2.9
t
×