Wildberries омборида қурол бўлганми? Песков баёнот берди

Олам

image

Жорий йилнинг 18 июль куни Украина Қуролли кучлари Россиядаги Wildberries омборларига зарба берган эди. Ҳужумдан сўнг Украина Президенти Владимир Зеленский мазкур зарбаларга сабаб сифатида Wildberries омборларида дрон ишлаб чиқариш ва навигация ускуналари учун фойдаланилиши мумкин бўлган компонентлар сақланганини кўрсатди.

“Бу объектларда Россиянинг ҳарбий салоҳиятига ёрдам берувчи маҳсулотлар бўлган”, деган мазмунда баёнот берган Украина раҳбари.

Бугун, 21 июль куни ўтказилган матбуот анжуманида Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Киевнинг даъволари ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирди.

“Ундай эмас. Киев режими тинч объектларга зарба бермоқда. Бу Киев режимининг террорчилик моҳиятини кўрсатади”, дейди Песков.

У, шунингдек, омборларга қилинган ҳужумлар оқибатида Wildberries компанияси ҳамда кичик ва ўрта бизнес вакиллари зарар кўргани сабаб вазият мураккаб эканини айтган.

“Тилга олинган компанияга келсак, вазият осон эмас. Чунки зарар компаниянинг ўзига ҳам, кичик бизнес вакилларига ҳам етди”, деган Кремль вакили.

Песковнинг сўзларига кўра, Россия ҳукумати компания билан алоқада ва зарар кўрган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш масаласи билан шуғулланмоқда.

Маълум қилинишича, Россия Тергов қўмитаси мазкур ҳужумлар юзасидан Жиноят кодексининг 205-моддаси (терроризм акти) бўйича жиноят ишларини очган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Қуролли кучларининг Россиядаги Wildberries омборларига уюштирган ҳужумлари оқибатида Қирғизистоннинг икки фуқароси жароҳат олгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг