Ғазодаги қатлиомлар ва чақалоқлар қонининг акс-садоси. Нетаньяху БМТ да яна ёлғиз қолдирилди.

Таҳлил

Бир неча ўн минлаб бегуноҳ болалар, аёллар ва ожиз қарияларнинг “жаллоди” яна БМТ минбарида нутқ сўзлади. Нетаньяху нутқининг бошланишидаги шармандали ҳолат ўтган йилгидан деярли фарқ қилмади. Мурғак болалар қони билан чамбарчас боғланган давлат ва шахс номи тилга олиниши билан Бош Ассамблея зали бир зумда бўшаб қолди. Турли давлатларнинг вакиллари, эркак-у аёл дипломатлар бирваракайига ўз жойларини тарк этишди. Нетаньяху қаршисида эса бир неча делегациялар ҳамда Исроил вакиллари қолди холос. Ҳа, геноцид ва шафқатсиз ғайриинсоний сиёсат ҳеч қачон оқланмайди. Исроилнинг бундай ғаламислигини нари борса АҚШ Конгрессигина кўтариши мумкин. Ўша AIPAC деган ташкилот ва бошқа яҳудий донорлардан телефон қўнғироқлари кутиб яшайдиган конгрессменларгина Ғазода нималар содир бўлаётганига кўз юмиши мумкин. Аммо дунё фақат улар ҳамда улар хизмат қиладиган АҚШдан иборат эмас. Қуёш системасида ер унчалик ҳам катта сайёра бўлмаса-да, у ҳозиргача аниқланган маълумотларга кўра, энг турфа ва хилма-хилликлардан иборат бўлган планетадир. Бу ерда ҳар бир давлат ва у жойлашган қуруқлик қисмида ўзига яраша инсоний қадриятлар қарор топган ва исталган нормал давлат борки, улар ҳеч қачон қўли болалар қонига булғанган ҳамда гўдакларни очликдан ўлдираётган ваҳший қатилларни қўллаб-қувватламайди. Улар мана иккинчи йилдирки шу қотилликларнинг бошида турган жаллодга ўз норозилиги ва ичидаги нафратини йилда бир марта БМТ Бош Ассамблеясида шу тарзда намоиш қилмоқда.

Яна ўша харита

"Ўтган йили мен ушбу минбарда туриб, Эрон террор ўқининг лаънитини кўрсатаётган ушбу харитани кўрсатдим. Бу ўқ бутун дунё тинчлигига таҳдид солади. Бу бизнинг минтақамиз барқарорлигига ва менинг мамлакати Исроилнинг мавжудлигига таҳдид солади", деб бошлади Нетаньяху ўз нутқини.

Нетаньяҳу бу гал ҳам деярли бўм-бўш залга нутқ сўзлади. Икки йилдан буён “жаноб жаллод” сўзини бошлашда кичик муаммога дуч келмоқда. Тепада ўтирган модератор делегацияларни шовқин солмаслик ҳамда тартибни сақлашга чақириши учун бироз вақт керак бўлмоқда. Зал бўшаб, шовқин тингандан кейин эса, Нетаньяху йил давомида нега чақалоқларни ўлдирганини изоҳлашга киришади. Барча Президентлар, делегация раҳбарлари ўртача 15–20 дақиқа нутқ сўзлаётган бир пайтда Исроил Бош вазири 40 дақиқадан ортиқ жавради. Бу борада у жорий 80-сессияда Нетаньяху фақат Трампдан кам гапирди. Умуман олганда, икки йилдан буён деярли бир хил ҳолат. Бу йил унинг нутқи ва олиб чиққан хариталарида бироз ўзгаришлар борлигини ҳисобга олмаса, яна ўша эски кассета. 65 мингдан ортиқ инсонни қирғин қилган Исроил аслида жабрдида, 20 мингдан ортиқ болани жонини олган Исроил хавф остида яшамоқда, 150 мингдан ортиқ одамни майиб-мажруҳ қилган ўша Исроил ўзини ҳимоя қилмоқда, Болаларни очликдан ўлдираётган ўша экстремист вазирлар Эрон ва Исроил хавфсизлигига таҳдид қилаётган бошқа гуруҳлар билан уруш қилмоқда.

Энг қизиғи, эсингизда бўлса 2024 йилдаги 79-сессияда Нетаньяху иккита харита олиб чиққанди. Хариталарнинг бири – Ланат деб номланган бўлиб, унда Эрон, Сурий ва Ироқ ерлари акс этганди. Бу йил эса Ғазо жаллоди ўша харитани яна минбарга олиб чиқди ва шу ерларда Исроилга хавф солганлар бир йил ичида бирма-бир йўқ қилинганини айтди. Нетаньяху, жанубда Яман Хусийларидан бошлаб Ғазодаги ҲАМАС, шимолда эса Ливан Ҳизбуллоҳи, Ироқдаги турли гуруҳлар ва Эрондаги ўнлаб генераллар, унинг баллистик ракета тизимлари ва ядровий салоҳиятига қарши ҳужум қилинганини кўсатди. Нетаньяху бу ишларнинг ҳаммасини “вазифа бажарилди” деган маънони англатувчи белги билан ифодалади. 

"Биз ҳусийларга зарба бердик. Биз Хамас террор машинасининг асосий қисмини тор-мор қилдик. Биз Ҳизбуллоҳни мажруҳ қилдик, унинг кўп раҳбарларини ва қурол-яроғ арсеналини олиб ташладик, ва энг муҳими, биз Эроннинг атом қуроллари ва баллистик ракета дастурларини вайрон қилдик."

Нетаньяху Исроил ва АҚШ биргаликда Эроннинг ядровий салоҳиятини йўқ қилгани даъво қилди. Аммо салкам ярим тоннага яқин бойитилган уранни ўзида сақлаб қолган Эроннинг ядровий салоҳияти ҳали-ҳануз ўз ўрнидалигини Трамп ҳам Нетаньяху ҳам тан олгиси келмаяпти. Боз устига форслар АҚШнинг B2’си томонидан зарарланган объектларини тиклашда давом этмоқда. 

“АҚШ президенти ДоналЬд Трамп ва мен Эроннинг ядровий қурол яратишига йўл қўймасликка ваъда берган эдик ва биз бу ваъдани бажардик.”

Шу ўринда, асосли бир савол туғилади. Нетаньяху ўтган йили кўрсатган иккинчи харита нима бўлди. “Ғазо жаллоди” олиб чиққан ва “Барокат” деб белгиланган ҳудудлар тақдири нима бўлди? Шу харитада қайси давлатлар ўрин олганини бир эслаб ўтамиз. 

Яшил ранг билан ажратилган давлатлар ичида Ҳиндистон, БАА, Саудия Арабистони, Баҳрайн, Иордания, Миср ва Судан ўрин олган эди. Тўғри, бу рўйхатдаги айрим араб давлатлари Исроилни тан олган. Масалан, Миср, Иордания, Баҳрайн ва БАА шулар жумласидандир. Аммо ўтган йили намойиш қилинган бу харитада Қатар йўқ эди ва бу йил Исроил Доҳага зарба берди. Қатар Исроилни тан олмаган-ку, дейишингиз мумкин, аммо Саудия ҳам Тель-Авивни тан олмаган. Айни дамда эса Қатар ўтган йили “Барокат” харитасидан ўрин олмагани бу йил унга зарба берилишига ишора бўлган бўлиши мумкин деган тахминлар кўпайиши мумкин. Аммо бу харитадан ўрин олган Саудия эса Доҳага қилинган ҳужумдан кейин ядровий Покистон билан бир-бирини ҳимоя қилиш бўйича ҳарбий шартнома имзолади. Очиғини айтганда эса Яқин Шарқда ҳозир шундай вазият ҳукмронки, Исроил кўрсатган яшил рангдаги давлатлар орасидан ўрин олмаган исталган ҳудуд яҳудий давлатининг ҳужумига учраш хавфи остида яшаяпти. Қатар бунга яққол мисол. 

QR код нима эди?

Нетаньяху БМТ минбарига олиб чиққан нарсалар ичида унинг костюмининг кўкрак қисмига қистирилган QR код ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортди. Кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган бу QR код ҲАМАС томонидан 2023 йил 7 октябрь куни қилинган ҳужум оқибатида ўлдирилган Исроил аскарлари ва аҳолисининг суръатлари жамланган узундан-узоқ расмлар экани маълум бўлди. ҲАМАС томонидан ўша куни қилинган ҳаракатларни оқлаб бўлмайди. Аммо ундан кейин Исроил қилган ва ҳозиргача амалга ошириб келинаётган боши бор-у, лекин охири кўринмас қатлиомларни ҳам мутлақо ёқлаб бўлмайди. Бу ҲАМАС нинг 7 октабдаги ҳаракатларига мутаносиб эмас. Вахшийлик бобида Исроил ҲАМАСдан 50-100 баробар ўтиб кетди. Бундан ташқари 80 йилдан буён яҳудий давлати томонидан Фаластин ерларида қилиб келинаётган зўравонликларни ҳам ҳеч қандай йўсинда изоҳлаб бўлмайди. 

25 йилдан буён Исроил сиёсатидан бир қадамдан ҳам четга чиқмаган Нетаньяху АҚШдан дастлаб, ФОТни, кейинчалик Саддам Ҳусайнни, ундан сўнг, Муаммар Каддафийни йўқотишни сўраб келган, улар йўқ бўлса, Яқин Шарқдан тинчлик ва фаровонлик ҳукм суришига ваъда берган. Юқоридаги субъектлар бугун йўқ, улар Нетаньяху илтимосига кўра йўқ қилинди. Аммо минтақа ҳали-ҳануз тинч ҳаётдан узоқда. Чунки Яқин Шарқ тинчлигига бугун бирдан бир таҳдид солувчи омил бу энди унинг ўзи. Биньямин Нетаньяху. У бу галги нутқида ҲАМАСнинг қолган кучларини йўқ қилишга ваъда берди. 

"Ҳамаснинг сўнгги қолдиқлари Ғазо шаҳрида тўпланиб қолган. Улар 7 октябрдаги ваҳшийликларни қайта-қайта такрорлашга ваъда беришади. Шунинг учун Исроил ишни тугатиши керак", деди Нетаньяху.

“Ғазо жаллоди” шунингдек, гаровдаги исроилликларга ҳам мурожаат қилиб, уларни озод қилмагунча Исроил тинчланмаслигини айтди. 
“Бу Бош вазир Нетаньяху. Сиз билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотидан жонли суҳбатлашмоқда. Биз сизни унутганимиз йўқ. Бир сония ҳам. Ҳаммангизни уйингизга олиб келмагунимизча тинчланмаймиз”, деди Нетаньяху. 

Аммо сўнгги воқеликлар шуни кўрсатмоқдаки, Исроилнинг бугунги ҳукумати, Нетаньяху ва унинг атрофидаги экстремист вазирлар тўдаси ҲАМАС қўлида гаровда сақланаётган фуқаролари ҳақида заррача ўйлагани йўқ. Эронга зарба бериш, Доҳага ҳужум қилиш, Яманга ракета ёғдириш, Ливан жанубини вайрон қилиш ва Яқин Шарқни дўзахга айлантириш – мана улар нимани хоҳлашмоқда.

“Буюк Исроил” лойиҳаси шикастланди

БМТ 80-сессияси Фаластинга жон киритди дейиш мумкин. 2 кунда ушбу давлатни 10та мамлакат тан олди ва уни давлат сифатидан тан олганлар сони 157 тага етди. Бу билан Фаластин Исроил билан деярли тенглашди. Тўғри, бу ўзгариш ҳозирча фақат рамзий маъно касб этмоқда, аммо келажакда мазкур олдинга силжиш Фаластин учун яхшигина қўл келади. У давлат сифатида шаклланиши учун ушбу жараён, яни Ғарбнинг қудратли давлатлари томонидан тан олиниши жуда муҳим эди. Шу боис, 80-сессия Исроил учун яхшигина сабоқ зарбаси бўлди. Нетаньяху ҳам бундан дарғазабда экани унинг нутқида яққол кўринди. У Франция, Британия, Австралия, Канада ва бошқа давлатлар раҳбарларининг Фаластин давлатини тан олиш қарорини “уят” атади. Аммо бу дунёда чақалоқларни ўлдиришдек уятли қилмиш бўлмаса керак. 

“Менинг Фаластин давлатига қаршилигим шунчаки менинг сиёсатим ёки ҳукуматим сиёсати эмас, бу Исроил давлати ва халқининг сиёсати. Бу биз бу уринишларга қарши курашишимиз мумкинлигини англатарди. 7 октябрдан бери Исроил айнан шундай қилди”, деди Нетаньяху. 

80-сессия яна бир ғаламис ғоянинг келажагини сўроқ остига олди. Бу сионизмнинг таянчи бўлган “Буюк Исроил” номли ғоядир. Бугун хариталар ҳақида жуда кўп гаплашдик. Мавзуни ҳам яна бир харита билан тугатиш ўринли бўлади. Масалан, мана бу харита билан. Бу юқорида айтилган “Буюк Исроил” номли харита. Кўплаб араб давлатларининг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва бошқа ҳуқуқларига таҳдид солувчи ғоянинг драйвери, халқаро ҳуқуққа, Яқин Шарққа ва умуман олганда дунёга тупуриб қўйган ғоянинг харитаси бу.
Кўриб турганингиздек, бу харитадан бутун бошли Сурия, Иордания ва Қувайт, Ироқнинг ярми, Саудия ҳудудларининг ярмидан кўпи, Қувайт, Мисрнинг каттагина қисми, Туркиянинг маълум ҳудудлари ўрин олган. Фаластин эса умуман мавжуд бўлмаган ер сифатида кўрсатилган. 

Тўғри, бугун Исроил расмий доиралари “Буюк Исроил” номли ушбу расво концепцияни расмий даражада очиқ ойдин гапиришмайди. Нетаньяху эса кеча ва бугун БМТ минбарига ланатланган ва барокат номли хариталар билангина чиқмоқда. Аммо Яқин Шарқдаги исталган давлатга зарба бераётган ва у учун қизил чизиқлар қолмаганини кўрсатаётган Исроил Бош вазири эртага шу минбарга мана шу харита билан чиқмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ. Шубҳасиз, эҳтимолий ҳаракат жуда катта резонансларга сабаб бўлади. Аммо бугун Қатар ўзига берилган зарбага жавоб қайтармас экан, Исроил эса кейинг нишон Туркия ва Миср эканини яширмас, унга эса бу жиноятлари учун ҳеч ким амалда жавоб қайтармас экан, бу харитани келажакда БМТ минбарида Исроил Бош вазири қўлида кўришимиз ҳеч гап эмас.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон БМТ БАА болалар Қатар Исроил Яман Нетаньяху Ғазо ҲАМАС Саудия Арабистон Муаммар Каддафий БМТ Бош Ассамблеяси AIPAC ДоналЬд Трамп “Барокат” харитаси Саддам Ҳусайнни БМТ 80-сессияси “Буюк Исроил”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг