WCK Исроил ҳаракатларини мустақил текширишни талаб қилади
Олам
−
06 Апрель
3493Дунё бўйлаб инқирозли ҳудудларга озиқ-овқат етказиб берувчи World Central Kitchen (WCK) нодавлат ташкилоти Ғазо секторида гуманитар ёрдам юк машиналари карвонига Исроил Мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) ҳужуми оқибатида етти нафар ходимининг ўлими юзасидан мустақил тергов ўтказишга чақирди. Кеча, 5 апрель куни ташкилот веб-сайтида тегишли баёнот эълон қилинди.
"ЦАХАЛ Ғазо секторидаги ўз муваффақиятсизлиги бўйича ишончли текширув ўтказа олмайди. ЦАХАЛ Ғазо секторидаги юк машинамиз карвонига қилинган ҳалокатли ҳужумдаги масъулиятни ва ўзининг ҳалокатли хатоларини тан олди. Шунингдек, қўмондонларга нисбатан интизомий чоралар кўрди ва бошқа ислоҳотларга содиқлигини кўрсатди. Булар олдинга бўлган муҳим қадамлардир. Бироқ дастлабки тергов шуни кўрсатадики, ЦАХАЛ ўз протоколлари, буйруқлар занжири ва жанговар ҳаракатлар қоидаларини ҳисобга олмаган ҳолда ҳалокатли куч қўллаган. ЦАХАЛ бизнинг гуруҳларимиз барча тегишли алоқа тартиб-қоидаларига риоя қилганини тан олди. Қуроли бўлмаган ва ҳеч қандай хавф туғдирмаган шахсий таркибимизга қарата ўқ узиш учун бирон сабабни кўрсатинг", дейилади WCK баёнотида.
WCK Ғазо секторининг тинч аҳолиси учун гуманитар ёрдам олиб кетаётган карвонга асоссиз ракета ҳужумининг дастлабки сабаби у ердаги озиқ-овқатнинг ҳалокатли тақчиллиги эканини айтади.
“Исроил инсонпарварлик ёрдамини қўллаб-қувватлашга жиддий қараса, қуруқлик орқали ташиладиган озиқ-овқат ва дори-дармонлар ҳажмини кескин ошириши керак”, дейилади ташкилот баёнотида.
Маълумот учун, 2 апрель куни WCK хайрия ташкилоти ЦАХАЛ қўшинлари Ғазо сектори марказида Дайр ал-Балаҳ жанубида юк машиналари карвонига зарба бергани ҳақида хабар берди. Автомобиллар денгиз орқали Ғазо секторига олиб келинган 100 тонналик инсонпарварлик ёрдамини етказгандан сўнг жўнаб кетаётган эди. Шу билан бирга, WCK колонна ҳаракати Исроил ҳарбийлари билан мувофиқлаштирилганлигини таъкидлайди.
Хабар қилинишича, ҳалок бўлганлар орасида Австралия, Польша ва Буюк Британия фуқаролари, шунингдек, АҚШ ва Канада фуқаролигига эга бўлган бир киши ҳамда бир нафар фаластинлик бор. Ушбу фожиадан сўнг ташкилот кейинги қарорлар қабул қилинмагунча минтақадаги фаолиятини дарҳол тўхтатишини маълум қилди.
Худди шу куни Исроил Президенти Исаак Герцог ҳарбийларнинг бу фожиали хатоси учун узр сўради ва воқеа атрофлича ўрганилишига ваъда берди. Ўз навбатида, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ўз видеомурожаатида исроиллик ҳарбийларнинг Ғазо секторида бегуноҳ одамларга “беихтиёр” зарба берганини “фожиали воқеа” деб атади.
"Бу уруш пайтида содир бўлади. Биз буни диққат билан ўрганмоқдамиз, ҳалок бўлган хорижликлар ҳукуматлари билан алоқадамиз ва бу яна такрорланмаслиги учун ҳамма нарсани қиламиз", деган Исроил Бош вазири.
LiveБарчаси