Вучич ҳам Россиядаги BRICS саммитига бормайди
Олам
−
22 Октябрь
7576Сербия Президенти Александр Вучич Россия Президенти Владимир Путинга 22-24 октябрь кунлари Қозонда бўлиб ўтадиган BRICS саммитида қатнашмаслиги, бироқ делегация юборишини айтди. Бу ҳақда кеча, 21 октябрь куни Сербия давлат радиоси ва телевидениеси хабар берди.
Вучичнинг аниқлик киритишича, делегация таркибига Бош вазир ўринбосари Александр Вулин, Мудофаа вазири Братислав Гашич, Иқтисодиёт вазири Адриана Месарович ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик бўйича куратор Ненад Попович киради.
Давлат раҳбарининг аниқлик киритишича, эртага, 23 октябрь куни Польша Бош вазири Дональд Туск Белградга ташриф буюради ва унга Греция Бош вазири Кириакос Мицотакис ҳам қўшилади. Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен кейинроқ келади. Шунинг учун у BRICS саммитига бормайди.
Маълумот учун, BRICS – бу Россия, Бразилия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка Республикасини ўз ичига олган норасмий давлатлар гуруҳи. BRICSʼни яратиш Россия ташаббуси билан бошланган. Ташкилот форматидаги биринчи вазирлар учрашуви 2006 йил 20 сентябрда Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси сессияси доирасида бўлиб ўтган.
Сентябрь ойида НАТО аъзоси Туркия BRICS’га аъзо бўлиш учун ариза бергани маълум бўлди. Жанубий Африка Президенти Сирил Рамафоса 2023 йилнинг август ойида Аргентина, Эрон, Саудия Арабистони, Миср, Эфиопия ва Бирлашган Араб Амирликлари тўлиқ аъзо бўлишга таклиф қилинганини эълон қилди. Аргентина кейинчалик бу қадамдан воз кечди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бразилия Президенти Россияга парвозини бекор қилганди. Луис Инасиу Лула да Силва Қозонда бўлиб ўтадиган BRICS саммитида иштирок этиш учун Россияга бориши керак эди. Бразилиядаги Сирио Либанес шифохонаси томонидан эълон қилинган тиббий хулосага кўра, сиёсатчига узоқ масофаларга ҳаво қатновидан қочиш тавсия этилган. Аммо бошқа йўл билан у ўзининг оддий вазифаларини бажаришга қодир.
Тиббий хулосада айтилишича, Президент бошининг “оксипитал қисми” жароҳат олган. Идора маълумотларига кўра, у уйида тасодифан жароҳатланган.