Вояга етмаган ўзбекистонлик қиз Туркиядан қайтарилди
Жамият
−
15 Апрель
7751Бугун, 15 апрель куни Туркияда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаган қиз Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, оила ва хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон Республикасининг Туркиядаги элчихонасининг саъй-ҳаракатлари натижасида вояга етмаган қиз Тошкент халқаро аэропортида кутиб олинган.
“Ҳозирда у Тошкент шаҳар вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига вақтинча жойлаштирилди. Жойлаштиришнинг муқобил шакли белгилангунга қадар қизга ушбу марказда зарур ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш режалаштирилган”, дейилади хабарда.
Қўшимча қилинишича, вояга етмаган болаларнинг доимий рўйхатдан ўтган жойидаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари олиб келинаётган болаларни оилавий муҳитга қайтариш бўйича чора-тадбирлар кўрмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ота-она қарамоғисиз қолган 9 нафар ўзбекистонлик бола мамлакатга қайтарилган эди.