“Володя, бу мен эмас. Путин”. Зеленский Лукашенко ундан узр сўраганини айтди

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский Россия томонидан бошланган кенг кўламли уруш бошида қўшни Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Россиянинг Украинага Беларусь ҳудудидан ракета ҳужумлари учун узр сўраганини айтди. Бу ҳақда Зеленский америкалик подкастер Лекс Фридманга берган интервьюсида сўз очди.

“Бир неча кундан сўнг, яъни урушнинг биринчи кунларида мен Лукашенко билан телефонда гаплашдим ва у узр сўради”, деган Зеленский.

Унинг сўзларига кўра, Лукашенко қуйидаги сўзларни айтган:

“Бу мен эмас, ракеталар менинг ҳудудимдан учирилган. Ишонинг, Володя, бу мен эмас. Мен назорат қилмайман, бу шунчаки ракеталар, бу Путин...”

Бундан ташқари, Зеленскийнинг сўзларига кўра, Лукашенко жавоб чораси сифатида Беларусдаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводига зарба беришни таклиф қилган. Мозир нефтни қайта ишлаш заводи Украина билан чегарадош Гомель вилоятида жойлашган.

Расмий Минск Зеленскийнинг сўзларини қатъиян рад этди. Лукашенконинг матбуот котиби Наталья Эйсмонт Россиянинг РБК агентлигига берган изоҳида Беларусь резиденти Зеленскийдан кечирим сўрамаганини айтди.

“Оддий сабабга кўра, бизда кечирим сўраш учун ҳеч қандай сабаб йўқ, биринчи навбатда, Украина, биз эслаётганимиздек, Америка ва бутун Ғарбдан олдин биринчи бўлиб Беларусга қарши санкциялар киритган”, деган Эйсмонт.

Эйсмонтнинг сўзларига кўра, Зеленский ва Лукашенко ўртасидаги суҳбат аслида ҳам бўлиб ўтган ва унда Беларусь фуқароси можаро биринчи навбатда Украина ҳудудида авж олгани ва Зеленский вақт ўтиши билан одамларнинг ўлими учун бошқалардан кўра кўпроқ жавоб бериши кераклигини айтган.

“Шунинг учун расмий Минск музокаралар столига ўтиришга чақирди”, дея қўшимча қилган Эйсмонт.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Зеленский подкастер Лекс Фридманга берган интервьюсида Украина Россия томонидан босиб олинган ҳудудлардан воз кечиш эвазига НАТОга қўшилиш сценарийсини кўриб чиқиши мумкинлигини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Александр Лукашенко Зеленский Украина Президенти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг