Володин ким Россияга энг кўп санкция киритганини айтди

Олам

image

Россияга энг кўп санкция киритган уч давлат – АҚШ, Канада ҳамда Швейцария энергия ва озиқ-овқат нархларининг глобал ўсишини қўзғатди. Мазкур мамлакатлар бутун дунё бўйлаб келажакдаги инқирозлар учун жавобгардир. Бу ҳақда Россия Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида билдирди.

Парламент аъзосининг таъкидлашича, Россияга қарши энг кўп санкцияларни Америка Қўшма Штатлари (1983 та), Канада (1402 та) ва Швейцария (1361 та) киритган.

Россияга нисбатан киритилган санкциялар сони бўйича тузилган рўйхатнинг тўртинчи ўрнидан Буюк Британия (1360 та), бешинчи ўрнидан Европа Иттифоқи мамлакатлари (1199 та) жой олган. Австралия (1150 та) ва Япония (902 та) ҳам Россияга дўст бўлмаган давлатлар қаторида.

Володинга кўра, Россияга қарши жами 10 536 та санкция жорий қилинган: 2022 йилнинг 24 февралига қадар - 2 754 та, кейин - яна 7 782 та.

“Бу давлатлар Россияга қарши ноқонуний санкциялар жорий этиб, энергия ресурслари ва озиқ-овқат нархларининг ошишига сабаб бўлди. Булар бутун дунёда мавжуд муаммолар ҳамда бўлажак инқирозларнинг асосий айбдорлари”, дея қўшимча қилди Дума спикери.

Эслатиб ўтамиз, Россия Президенти Владимир Путин Ғарб киритаётган санкциялар нафақат Россия, балки бутун жаҳон иқтисодиётига жиддий зарба бериши, энди дунёда озиқ-овқат билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлиши ҳақида огоҳлантирган эди.

Маълумот учун, Ғарб мамлакатлари Украинада бошланган урушга жавобан Россияни ҳар томондан сиқувга олиб, оғир санкцияларни қўллай бошлади. Рубль курси қулади, Россия банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. Марказий банкнинг хориждаги олтин-валюта захиралари блокланди. Миллардерларнинг ҳам чет элдаги кўплаб ҳисоблари музлатилди.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

200

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг