Вокзал ва станциялар номлари ўзбекчалаштирилади
Жамият
−
20 Октябрь 7229 1 дақиқа
“Ўзбекистон темирйўллари”га қарашли вокзаллар, станциялар, разъездлар номлари давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштирилади. Бу ҳақда ҳукуматнинг 17 октябрдаги “Ўзбекистон темирйўллари” АЖга қарашли темирйўл вокзали, темирйўл станцияси ва темирйўл разезди номларини давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорида сўз боради.
Унга кўра, Транспорт вазирлиги ва “Ўзбекистон темир йўллари” 3 ой муддатда темирйўл вокзаллари, темирйўл станциялари ва темирйўл разъездларида ўрнатилган пешлавҳалар ва ахборот кўрсаткичларидаги ёзувларнинг давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек ёзувида ёзилишини таъминлаши лозим.
Номларнинг давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштирилиши муносабати билан тегишли ҳужжатлар ҳамда маълумотлар базаларига ўзгартиришлар киритилади.
Ҳужжат билан номи давлат тили қоидаларига мослаштириладиган вокзаллар, станциялар, разъездлар рўйхати келтирилган бўлиб, унга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги жами 320 та вокзал, станция ва разъездлар киритилган.
Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ва Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов зиммасига юклатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ тирбандликларни камайтириш мақсадида Тошкент шаҳрининг кириш ва чиқиш қисмларига ўрнатилган постлар кўчирилиши маълум қилинганди.