Водийдаги метан “заправка”лар 2 кун ишламайди
Жамият
−
04 Сентябрь 5224 1 дақиқа
Жорий йилнинг 5-6 сентябрь кунлари Фарғона водийсининг тоғли ҳудудидан ўтувчи қисмида қурилган янги магистрал газ қувурини тармоққа улаш ишлари олиб борилади. Шу сабабли Фарғона водийсидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) ҳамда йирик истеъмолчиларнинг газ таъминотига вақтинча чеклов киритилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Фарғона водийси истеъмолчиларини табиий газ билан таъминловчи “Оҳангарон-Пунгон” магистрал газ қувурининг тоғли ҳудуддан ўтувчи қисмида қарийб 22 км қўшимча қувур қурилиши якунига етказилган.
Ушбу янги қувурни тармоққа улаш бўйича монтаж ишлари олиб борилиши муносабати билан жорий йилнинг 5 сентябрь куни соат 12:00 дан бошлаб 36 соат давомида “Оҳангарон–Пунгон” магистрал газ қувури орқали табиий газ узатиш вақтинча тўхтатилади.
“Маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда таъмирлаш ишлари вақтида (5-6 сентябрь кунлари) Фарғона водийси вилоятларидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) ҳамда йирик истеъмолчиларнинг газ таъминотига вақтинча чеклов киритилади”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, шуни ҳисобга олган ҳолда водий вилоятлари истеъмолчилари учун автобензин ёқилғисининг сотувга чиқариш ҳажми оширилади. Ушбу қурилиш-монтаж ишлари давомида аҳоли истеъмолчиларини табиий газ билан барқарор таъминлаш бўйича барча зарурий чоралар кўрилади.
Live
Барчаси