Вин Дизелнинг котибаси уни жинсий тажовузда айбламоқда
Маданият-санъат
−
22 Декабрь 2023
11866“Форсаж” фильмидаги роли билан ўзбек томошабинларига яхши таниш актёр Вин Дизель котибасига жинсий тажовуз қилишда айбланмоқда. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
Билдирилишича, Дизелнинг собиқ ёрдамчиси юлдуз 2010 йилда уни зўрлаб, кейин ишдан ҳайдаб юборганини айтмоқда.
Котиба Аста Жонассон 21 декабрь куни ушбу иш юзасидан Лос-Анжелес судига мурожаат қилган. Унинг даъвосига кўра, Дизель Атлантадаги меҳмонхоналардан бирида унга куч ишлатган. Котиба хонадан қочиб чиқишга уринган, бироқ актёр бунга йўл қўймаган.
Шунингдек, котибанинг сўзларига кўра, Дизель уни қўрқитган, шу сабабли етарлича қаршилик кўрсата олмаган. Бир неча соатдан кейин эса актёрнинг синглиси Саманта Винсент котибага ишдан бўшатилганини айтган.
Даъво аризасида актёр Аста Жонассондан ўз нафси йўлида фойдалангани ва фойдаси тегмай қолгач, ишдан бўшатиб юборгани, бу воқеа эса котибанинг руҳий ҳолатига таъсир қилганига урғу берилган.
“Аниқ биламан, Дизель буни рад этади. Шубҳасиз, у 9 кунлик ишчиси томонидан айтилган 13 йил аввалги воқеани биринчи марта эшитяпти. Бизда бу ғалати даъволарни бутунлай рад этадиган далиллар мавжуд”, дейди адвокат Браян Фридман.
Жонассоннинг адвокати Клер-Лиз Кутлай баёнотига кўра, котиба Дизелни ва унинг жиноятини яширганларни жавобгарликка тортишни талаб қиляпти.
Эслатиб ўтамиз, Бутун дунёга “Обиликс” роли билан танилган актёр ва маҳоратли режиссёр Жерар Депарде ҳам актрисаларга нисбатан жинсий тажовузда айбланиб, тергов қилинаётганди. Яқинда ушбу ишга оид янги видео далиллар тақдим этилди. Унинг оиласи эса актёрга нисбатан актрисалар томонидан қўйилган жинсий тажовуз ҳақидаги айбловларга жавоб қайтарди.
LiveБарчаси