Вилоятликларни ҳақорат қилган қиз 15 суткага қамалди
3-саҳифа
−
03 Июнь
18019Аввалроқ, вилоятликларни бир қанча қўпол сўзлар билан камситган 21 ёшли қиз Р.Н. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 286-моддаси тартибида ИИО ФМБ вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилгани хабар қилинганди. Суд қарори билан унга нисбатан 15 сутка қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар берди.
Мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида кўриб чиқилди. Ҳуқуқбузарга нисбатан суд раиси томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди ва ушбу моддага асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Жазони ўташ муддати бугун, 3 июнь кунидан бошлаб ҳисобланади.
Қизнинг ўзи эса қилган иши учун барчадан кечирим сўраб, бошқа ҳақоратламаслигини таъкидлаган.
“Танишим билан айлангани чиққан эдик. Одам жуда кўп бўлгани сабабли кайфиятимиз бузилди. Тирбандликлар кўплиги туфайли жаҳлим чиқиб, жаҳл устида гапирдим. Ортиқча гапириб қўйдим. Танишим телефон қилиб, видеом тармоқларда тарқалаётганини айтди. Кейин жонли эфир қилдим. Жонли эфирда ҳам ҳамма негатив ёза бошлади. Узр сўрамадим. Негатив ёзишгани учун жаҳлим чиқиб, яна ҳақоратли гаплар гапириб қўйдим. Бошқа бундай қилмайман. Вилоятликларни ажратиб, унақа маънода гапирмаганман. Одам кўплиги учун жаҳл устида ҳақоратли сўзлар билан гапирганман. Ҳаммадан кечирим сўрайман”, дейди қиз.
LiveБарчаси