“Вазиятнинг кескинлашуви ҳеч кимга фойда келтирмайди”. Жонсон ва Путин Украина ҳақида гаплашди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин ва Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон кеча, 2 февраль куни телефон орқали суҳбатлашди. Суҳбатда Украина ичидаги инқироз контексти ва Россия Федерацияси учун узоқ муддатли қонуний мустаҳкамланган хавфсизлик кафолатларини таъминлаш бўйича вазият юзасидан етарлича батафсил фикр алмашилди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берган.  

Таъкидланишича, Путин Россиянинг хавфсизлик кафолатлари ҳақидаги хавотирларига НАТО муносиб жавоб беришга тайёр эмаслигини қайд этган. 

“НАТОнинг Россиянинг асосли хавотирларига адекват жавоб беришга тайёр эмаслиги қайд этилди. Россия Президенти бу масалаларга фундаментал ёндашувларни белгилаб берди. Хусусан, Киевнинг Минск келишувларини сурункали саботаж қилишига эътибор қаратилди”, дея қўшимча қилган Кремль. 

Даунинг-стритнинг хабарига кўра, Украина атрофидаги вазиятнинг кескинлашуви ҳеч кимга фойда келтирмайди. 

“Раҳбарлар вазиятнинг ёмонлашиши ҳеч кимнинг манфаатига мос эмас деган фикрга келди. Бош вазир мулоқот ва дипломатия муҳимлигини ҳамда Украинани музокаралар жараёнига қўшиш зарурлигини таъкидлади”, дейилади хабарда. 

Бундан ташқари, Даунинг-стритнинг қайд этишича, Жонсон ва Путин Лондон ҳамда Москва ўртасидаги иқлим ўзгариши, Афғонистондаги вазият ва Эрон ядро дастури бўйича келишув каби масалаларда ҳам мулоқот қилишни олқишлаган. 

Шу билан бирга Жонсон Путинга НАТО мудофаа иттифоқи эканини, барча демократик давлатлар, жумладан, Украина ҳам ташкилотга аъзо бўлиш учун ариза бериш ҳуқуқига эга эканини айтган. 

Эслатиб ўтамиз, 1 февраль куни Жонсон Киевга ташриф буюриб, Украина Президенти Владимир Зеленский билан музокаралар ўтказган эди. 

Сўнгги ойларда Россия ва Ғарб ўртасидаги муносабатлар янада кескинлашган. Вашингтон ва Брюссель Москвани Украинага “босқин” тайёрлаётганликда айбламоқда ва шу фонда Шарқий Европада ўз иштирокини кучайтирмоқда. АҚШ Россия ҳужумга ўтган тақдирда унга санкциялар жорий қилишини айтиб келаётганди. 

Россияда барча даъволар рад этилмоқда. Кремль ва Ташқи ишлар вазирлиги “тажовузкорлик” ҳикояларининг мақсади Россия чегаралари яқинида хорижий гуруҳ яратиш эканлигини бир неча бор таъкидлаган. Улар, шунингдек, кескинлашувнинг асосий сабаби қилиб Украинани қурол-яроғ  билан таъминлаётган ва шу орқали уни ҳарбий саргузаштлар сари ундаётган АҚШ ва НАТО ҳаракатларини кўрсатмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Путин Украина

Баҳолаганлар

262

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг