Вазият оғирлашяпти: Москвада коронавирусга қарши янги чоралар кучга кирди

Олам 7625
image
-

Бугундан бошлаб Москвада COVID-19 билан касалланишнинг кўпайиши муносабати билан янги чекловлар кучга кирди. Бу ҳақда РБК хабар берган.  

Таъкидланишича, 60 ёшдан ошган ва сурункали касалликларга чалинган фуқаролар доимий яшаш жойига кўра, уй режимига риоя қилиши шарт. Бу чеклов 2022 йил 25 февралгача амал қилади. 

Москвадаги иш берувчилар умумий ишчилар сонининг камида 30 фоизини ҳамда 60 ёшдан ошган ва сурункали касалликларга чалинган барча ходимларни масофадан ишлашга ўтказиши керак бўлади. Масофавий иш формати ҳам 2022 йил 25 февралгача давом этади. 

Шу билан бирга, кекса фуқаролар учун очиқ ҳавода юриш ва жисмоний тарбия машқлари чекланмаган. Ишлаётган москваликлар ҳам касаллик таътилини олиш ҳуқуқига эга. Кекса ва сурункали касаллиги бор фуқаролар агар охирги олти ой ичида эмланган ёки коронавирусга чалинган бўлса, уй режимига риоя қилишдан озод қилинади. Ходимнинг иш жойида бўлиши ташкилотнинг фаолияти учун муҳим бўлса, улар масофадан ишлашга юборилмайди. 

Масофавий иш режимига ўтиш талаби эмланган ва касалликни бошдан ўтказиб бўлган ходимларга, шунингдек тиббиёт муассасалари, мудофаа соҳаси корхоналари, “Росатом”, “Роскосмос” ва бошқа баъзи стратегик тармоқлар ходимларига тааллуқли эмас. 

Москвада жорий йилнинг 28 октябридан шаҳар мэри Сергей Собянин томонидан 21 октябрда эълон қилинган чекловлар кучга киради: 

- ишланмайдиган кунлар бошланади, улар 7 ноябргача давом этади; 

- пойтахтда локдаун жорий этилади. Савдо марказлари, дўконлар, кинотеатрлар ва умумий овқатланиш корхоналари ёпилади. Дорихоналар ва озиқ-овқат дўконлари ишлашда давом этади; 

- ресторанлар олиб кетиш хизмати учун ишлаши мумкин бўлади; 

- театрлар ва музейлар ишлашда давом этади, уларга ташриф буюриш учун QR кодлари керак бўлади. 

Маълумотларга кўра, ўтган кун давомида Москвада COVID-19 билан касалланган яна 1442 киши шифохонага ётқизилган, 5279 кишида коронавирус инфекцияси аниқланган.  

Кеча барчаси бўлиб Россияда 35660 янги инфекция ҳолати қайд этилган. Ўтган кун давомида 22 784 киши тузалган. 1072 киши коронавирусдан вафот этган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 442
Рейтинг: 3
Теглар
t
×