“Вазият мураккаблашиши мумкин”. Отабеков кучайтирилган карантин қачон эълон қилинишини айтди

Жамият

image

Охирги кунларда Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилиши яна ортган. 14 март ҳолатига кўра, ушбу касалликни юқтирганлар сони 111 нафарга кўпайиб, 80 678 нафарни ташкил этмоқда. Беморларнинг 93 нафари Тошкент шаҳрида, 12 нафари Тошкент вилоятида, 4 нафари Андижон вилоятида, 1 нафари Бухоро вилоятида, яна 1 нафари Сурхондарё вилоятида аниқланган. 

Шу ўринда бир савол туғилади: Ўзбекистонда яна кучайтирилган карантин чоралари жорий этиладими? Ижтимоий тармоқларда аллақачон турли маълумотлар тарқашни бошлади. Кучайтирилган карантин жорий этилиши билан боғлиқ саволларга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг ўринбосари Нурмат Отабеков QALAMPIR.UZ’да бўлиб ўтган Корона марафони жонли мулоқотида жавоб берди. 

“Биз бир нарсани ёдимиздан чиқармаслигимиз керак. Ҳали коронавирус Ўзбекистондан оёғини узиб олгани йўқ эди. Демак, Ўзбекистонда ҳали касаллик манбаи бор эди. Касаллик манбаи бўлгани, устига устак аҳолимиз орасида эҳтиёт чоралари кескин камайиб, юқиш йўллари очилгандан, ҳали юқтириб олиши мумкин бўлган аҳоли қатлами мавжуд бўлгандан кейин биз бемалолгарчиликка йўл қўйишга ҳаққимиз йўқ эди. Назаримда, ҳаддан ортиқ хотиржамликка берила бошладикки, секин-секин касаллик қўзғатувчиси ўзини намоён қила бошлади. 
 
Сал кам уч ой касалланиш кўрсаткичи бир хил маромда турган, бир кунда 30-50 нафар беморлар аниқланган ҳолатни кузатдик. Бугун тонгдаги рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, охирги кунда қайд этилган ҳолатлар сони 111 тани ташкил этди. Кеча ва ундан олдинги кунларда беморлар 86-89 нафар эди. Бундан кўриниб турибдики, касаллик бор. Вазият мураккаблашиш эҳтимоли йўқ эмас. Лекин бу ҳали жуда кескин, жиддий карантин ва чеклов тадбирларига асос бўладиган рақамлар эмас. Негаки, агар биз карантин ва чеклов тадбирлари амал қилган муддатларни эслайдиган бўлсак, бир кунда 500-600, ҳатто, 900 нафаргача бемор қайд этилди.  Агар шу нуқтайи назардан қарайдиган бўлсак, ҳозир жуда кескин хавотирланишга асос йўқ. Шу билан биргаликда, ҳаддан ортиқ хотиржам бўлишга ҳам асосни кўрмаяпман”, дейди Отабеков. 


Мақола муаллифи

Теглар

карантин Нурмат Отабеков

Баҳолаганлар

7412

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг