Ҳар бир сўмни оқилона сарфлаш керак – Президент 2021 йил учун бюджет параметрларини белгилаб берди
Жамият
−
19 Октябрь 2020
5775Бюджет харажатлари очиқ-ошкора бўлиши, вазирлик ва идоралар, ҳудудлар унинг ҳар бир сўмини оқилона сарфлаши керак. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бюджет параметрлари муҳокамаси бўйича ўтказилган йиғилишда айтиб ўтилди.
Давлат раҳбари келаси йил учун асосий бюджет параметларини белгилаб берди. Унга кўра:
Халқ таълим вазирлигига бюджетдан ажратмалар 16 фоизга оширилади. Мактабларни тезкор интернетга улаш бўйича биринчи марта бюджетдан 100 миллиард сўм, жиҳозлашга 200 миллиард сўм йўналтириш назарда тутилмоқда;
илм-фанни ривожлантириш концепцияси доирасида келгуси йили инновацион ривожлантириш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига бюджетдан 2 баравар кўп маблағ ёки 100 миллиард сўм ажратилади;
соғлиқни сақлаш соҳасига қарийб 20 триллион сўм, шундан коронавирусга қарши курашиш тадбирлари учун 3 триллион сўм ҳамда дори-дармон харидига 1,8 триллион сўм белгиланиши кўзда тутилган, илк бора онкогематологияга қарийб 90 миллиард сўм ажратилмоқда, келгуси йилда биринчи марта гемодиализга муҳтож касалларга тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини 100 фоизга етказиш учун 130 миллиард сўм йўналтирилади;
Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳамда Жамоат ишлари жамғармасига 250 миллиард сўмдан маблағ йўналтириш режалаштирилган;
келгуси йили чин етим болаларни уй-жой билан таъминлаш учун бюджетдан биринчи маротаба 30 миллиард сўм ажратилиши белгиланган.
Йиғилишда яна бир муҳим масала – молиявий интизом ва назоратни кучайтириш. Молия вазирлигига ташкилотларда ички аудит тизимини мустаҳкамлаш, ноқонуний харажатлар ва камомадларга йўл қўймаслик бўйича кўрсатмалар берилди.
Бундан буён харажатлар таркиби ва натижадорлиги давлат идораларининг расмий сайтларида эълон қилиш тартиби жорий қилинади ва бунга амал қилмаган раҳбарларга жарима қўлланилади. Буни Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий кенгашлар назорат қилади.