Вазирлик: Водий вилоятларида электрда узилишлар бўляпти. Айбдор – об-ҳаво
Жамият
−
09 Ноябрь 2022
6671Ўзбекистоннинг шарқий – Фарғона водийси вилоятларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, шу кунларда ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши натижасида магистрал газ қувурларида табиий газ босимининг пасайиши кузатилмоқда.
“Бунинг натижасида, Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясига белгиланган ҳажмлардан кам миқдорда табиий газ етиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида мазкур станция томонидан электр энергия ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайишига олиб келмоқда.
Энергетика тизимининг барқарор ишларишини таъминлаш ва тизимда юзага келиши мумкин бўлган катта авариялар ҳамда узилишларни олдини олиш мақсадида водий вилоятларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида қисқа муддатли чекловлар киритишга мажбур бўлинмоқда”, дейилади вазирлик хабарида.
Таъкидланишича, ҳозирги пайтда мутахассислар томонидан юзага келган ушбу муаммони бартараф этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Вазирлик келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраган.
LiveБарчаси