Вазирлик ОТМларда анъанавий таълимга қайтишда қандай чоралар кўрилишини очиқлади

Жамият

image

Аввалроқ, жорий йилнинг 16 ноябридан олий таълим муассасаларида анъанавий шаклда ўқиш бошланиши ҳақида хабар бергандик.

Кейинроқ эса ижтимоий тармоқларда расмий хабарга зид келувчи маълумотлар ҳам тарқалди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ОТМларда анъанавий таълим шаклига қайтиши юзасидан ахборот берди.

Қайд этилишича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан талабалар ва уларнинг ота-оналари орасида ўқув жараёнини анъанавий шаклда бошлаш бўйича жамоатчилик фикри ўрганилган.

Талабалар ва уларнинг ота-оналари билдирган таклифларни инобатга олган ҳолда ҳар бир олий таълим муассасасининг, таълим йўналишининг хусусиятидан келиб чиқиб, ҳозирги вақтда ўқув жараёнини босқичма-босқич 2020 йил 16 ноябрь – душанба кунидан анъанавий таълим шаклида давом эттиришга қарор қилинган.

"Таълимнинг анъанавий шаклда ташкил этилиши, албатта, олий таълим муассасаси жамоасига қўшимча масъулият ва вазифалар юклайди", дея таъкидланган ахборотда.

Шу боис ҳам, авваламбор талабаларнинг соғлиғини асраш, уларнинг сифатли таълим олиши учун етарли шарт-шароит яратиш мақсадида:

- ҳар бир олий таълим муассасасида ҳудудий Соғлиқни сақлаш бирлашмалари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вакиллари жалб қилинган ҳолда тезкор Штаб ташкил этилади;

- аудитория ва хоналар ўқув жараёнига Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда тайёрланади;

- курслар кесимида ўқув жараёнини ташкил этиш схемаси ишлаб чиқилиб, табақалаштирилган вақт соатлари асосида дарс жадваллари тузилади;

- талабалар турар жойлари фаолияти санитария-гигиена ва дезинфекция талабларига қатъий жавоб берадиган нормаларда ташкил этилиб, жиҳозланган ҳолатда талабаларнинг яшашларига босқичма-босқич рухсат берилади;

- олий таълим муассасалари ва талабалар турар жойларида Тиббиёт пунктлари ташкил этилади;

- талабалар саломатлиги назоратини таъминлаш мақсадида ҳар бир олий таълим муассасасига тиббиёт муассасалари бириктирилади.

"Бугунги пандемия шароитида яшашга, меҳнат қилишга ва ўқишга кўникишимиз, энг асосийси – фарзандларимиз сифатли таълим олишни давом эттиришлари учун барча имкониятларни яратишимиз лозим.

Фарзандларимизнинг сифатли таълим олиши ва етук кадрлар бўлиб етишиши учун барчамиз бирдай масъулдирмиз", дейилади вазирлик ахборотида.


Мақола муаллифи

Теглар

ОТМ

Баҳолаганлар

238

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг