Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида янги инспекция ташкил этилди

Жамият 5747
image

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида ходимларнинг чекланган сони 18 нафар бўлган Инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва ташқи савдони мониторинг қилиш инспекцияси ташкил этилди. Бу ҳақда Президентнинг “Республикада экспорт ва инвестиция салоҳиятини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланди.

Янги Инспекция зиммасига Ҳисоб палатасининг:

•    Ўзбекистон Республикаси Президентининг олий даражадаги ташрифлари давомида имзоланган ҳужжатлари ижросини назорат қилиш;

•    стратегик корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилиши устидан назоратни ташкил этиш;

•    маҳаллийлаштириш жараёнини янада такомиллаштириш, бюджет ташкилотлари, бюджет маблағларини олувчилар ва мониторинг юритиладиган корхоналар томонидан импорт қилинган маҳсулотларнинг асосланганлигини ўрганиш бўйича функциялари юкланди.

Белгиланишича:

Инспекция штат бирликлари Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси тузилмасидаги Стратегик корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳалари ижросини мониторинг ва назорат қилиш шўъбасининг 7 та ҳамда Олий даражадаги ташрифлар якунлари бўйича эришилган келишувлар ижросини назорат қилиш ва унга кўмаклашиш шўъбасининг 11 та штат бирликларини қисқартириш ҳисобидан шакллантирилади;

Инспекция фаолияти мазкур Фармонга мувофиқ тасдиқланаётган Ҳукумат комиссияси томонидан мувофиқлаштирилади.

Ҳисоб палатаси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг олий даражадаги ташрифлари давомида имзоланган ҳужжатларнинг ҳамда стратегик корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилиши устидан назоратни ташкил этиш ҳамда амалга ошириш доирасида Инспекциянинг «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимидан фойдаланиши имкониятини яратади.

Фармонга мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:

•    Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси тўғрисидаги низомни;

•    Инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва ташқи савдони мониторинг қилиш инспекцияси тўғрисидаги низомни ҳамда унинг тузилмасини тасдиқлайди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 58
Рейтинг: 3.3
t
×