Вазир ёки ҳокимликка номзодлар порахўрликка қарши режасини тақдим этади
Жамият
−
06 Октябрь 3619
Бугун, 6 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Қайд этилишича, қонун лойиҳасининг асосий мақсади ҳукумат аъзолари ва маҳаллий ижро ҳокимияти раҳбарларининг коррупцияга қарши курашишдаги масъулияти ва ҳисобдорлигини ошириш, улар томонидан бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини кучайтиришдан иборат.
Қонун лойиҳасига мувофиқ, ҳоким лавозимига номзод тегишли халқ депутатлари Кенгашида номзоди кўриб чиқилаётганда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури билан бир қаторда, ҳудудда коррупциянинг олдини олиш бўйича ҳаракатлар режасини ҳам тақдим этиши лозим бўлади.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодлар Қонунчилик палатасида номзоди кўриб чиқилаётганда ва маъқулланаётганда ўз фаолият дастури билан бирга тизимда коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар режасини ҳам тақдим этиши белгиланмоқда.
Йиғилишда қонун лойиҳасининг қабул қилиниши раҳбар лавозимларга тавсия этилаётган шахсларнинг давлат хизматини очиқлик ва ҳисобдорлик тамойиллари асосида амалга оширишга бўлган масъулиятини янада оширишга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди. Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.
Кун тартибидаги масалалар атрофлича кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ туман ва шаҳар ҳокимликлари фаолиятини такомиллаштиришга доир Ўзбекистон Президенти Фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, ҳоким ўринбосарлари сони қисқартирилади.