Ҳокимлар ва ҳокимликда ишлайдиганларнинг ойлиги оширилади

Жамият

image

Ўзбекистонда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимлари учун ҳақ тўлашнинг янги тизими жорий этилади. Бу ҳақдаги Президент фармони 2025 йилнинг 7 август куни қабул қилинди.

Унга кўра, ҳокимларнинг, ҳокимиятда ишлайдиган ходимларнинг лавозим маоши табақалашган тариф коэффициентлари асосида шакллантирилади. Бунда уларнинг кўп йиллик хизмати ва лавозими инобатга олинади. Бошқарув ходимлари томонидан эришилган энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (КРІ) асосида ҳар ойлик устамалар, малака (мартаба) даражалари учун ва ҳисобот даври якунлари бўйича улар бонус сифатида моддий рағбатлантирилади.

2025 йил 1 августдан бошлаб, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • лавозим маоши;
  • энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларига (КРІ) эришгани учун лавозим маошига ҳар ойлик устамалар;
  • малака (мартаба) даражалари учун тўловлар;
  • мукофотлаш ҳамда бонус тўловлари.

Устама ва мукофот миқдорлари ким томонидан белгиланиши ҳам қайд этилган. Фармонга кўра, туман ҳокимиятида ишлайдиган ходимга унинг биринчи раҳбари томонидан, туман (шаҳар) ҳокимлари учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари томонидан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари учун эса Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан белгиланади.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан ҳақ тўлаш тариф коэффициентлари бўйича поғона ходимнинг умумий иш стажидан келиб чиқиб аниқланади. Бунда ходимнинг умумий иш стажи 3 йилгача бўлганда 1-поғонага, 3 йилдан 6 йилгача 2-поғонага, 6 йилдан 10 йилгача 3-поғонага, 10 йилдан 15 йилгача 4-поғонага, 15 йилдан 20 йилгача 5-поғонага, 20 йилдан ортиғи 6-поғонага мос келади.

Тариф коэффициентлари:

  • Тошкент шаҳри ҳокимлиги ходимларига 1,6 баравар,
  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ходимларига 1,4 баравар;
  • Тошкент шаҳридаги туман ҳокимликлари ходимларига 1,3 баравар;
  • доимий аҳоли сони 300 мингдан ортиқ бўлган туман (шаҳар) ҳокимликлари ходимларига 1,1 баравар оширилган ҳолда қўлланади.

Бунда Миллий статистика қўмитаси томонидан йил бошида эълон қилинадиган доимий аҳоли сонига мувофиқ бир йилда бир маротаба доимий аҳоли сони 300 мингдан ортиқ бўлган туман (шаҳар) аниқланади.

Тариф ставкаси миқдорини (лавозим маошини) белгилаш учун тариф коэффициенти меҳнатга ҳақ тўлашнинг қонунчиликда белгиланган энг кам миқдорига кўпайтирилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларига тенглаштирилган ташкилотлар ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлашда мазкур фармон кучга киргунга қадар амалда бўлган тартиб сақлаб қолинади.

КРІ учун бериладиган лавозим маошига ҳар ойлик устамалар миқдори чорак якунлари бўйича рейтинг баҳолари асосида белгиланади ва кейинги чорак давомида тўлаб борилади. Биринчи марта рейтинг баҳолаш натижалари аниқлангунга қадар ходимларга ҳар ойлик устамалар миқдори раҳбарият томонидан уларнинг фаолияти натижаларидан келиб чиқиб, охирги чорак (ой) учун ажратилган маблағлар доирасида белгиланади. Устама тўловлари миқдори штатлар жадвали ва харажатлар сметасида йиллик режалаштирилган маблағлар миқдоридан ошмаслиги лозим ва унинг учун маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари (ишлар бошқарувчилари) ва бош ҳисобчилари жавобгар ҳисобланади.

Президент имзолаган ушбу фармонда кўзда тутилмаган бошқа қўшимча устамалар, мукофотлар ва бошқа тўловлар тўлаш тақиқланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент фармони КРІ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг