Вазир Қўчқоров қизини дабдаба билан турмушга берди (видео)
Жамият
−
01 Ноябрь
94490Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров қизининг тўй базмини дабдабали тарзда ўтказгани айтилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода вазир Қўчқоров ҳам акс этган бўлиб, у қизи Севинч ҳамда куёви Саидали Убайдуллаевни табриклаган. Тўй маросими қайси тўйхонада ўтказилгани аниқ эмас. Бироқ маросим ўтказилган жой жуда катта ҳашамат билан безатилган.
Маълумот учун, Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йилда дабдабали тўйлар ва уларга борадиган амалдорларни танқид қилганди. Мирзиёев Бош вазирдан бошлаб ҳокимгача барча ижро органлари раҳбарларининг тўй-маросимларга бориши ман этилиши, чойхоналарнинг олдида давлат машинаси турганини кўрган куниёқ ўша раҳбарни ишдан олиб ташлаши ва жавобгарликка тортишини айтганди.
“Тўй энг кўпи 150 кишига бўлади, ош 200 кишига бўлади. Бирорта раҳбар уйида туғилган кунини ҳам, тўйини ҳам ўтказмайди. Бўлди, у замонлар тугади. Одамларнинг ғашини келтиряпти. Маросимлар ҳам, тўйлар ҳам раҳбарларсиз бўлади. Бош вазир боради ғўдайиб ҳамма муовинлари билан, ҳамма туради. Ўша 20 килограмм гўштингни пулига бирор камбағалнинг уйини таъмирлаб бер, телевизор олиб бер!
Қарор чиқади! Қарор! Президент қарори эмас, Сенат қарори чиқади! Тўй қилишнинг ҳам меъёрини ёзиб берамиз. Тошкентда тўртта қизи бор одам тўй қилиши учун ўзини осиши керак. Оддий, бюджетдан маош олиб яшайдиган одам тўрт қизини эрга бериши учун ўзини осса ҳам бўлаверади. Ҳеч қандай имконият йўқ. Бировдан қолмай, деб қарз олади, ўзига қарамайди, докторга бормай, фақат шу тўйга йиғади. Кимга керак бу тўй?
Аввалига биз ташвиқот қилиб кўрдик, фойда бўлмади. Хиёнат қиляпмиз халқимизга! Тўйларни жой-жойига қўйсак, коррупция бўлмайди. Адолат ўрнатилади. Ҳамма бир хил тўй қилади. Агар бирорта раҳбар – прокурорми, солиқчими, ҳокимми, чегарачими – меъёрдан чиқса, ўша куниёқ қамайман.
Қайси вазир ё Бош вазир ўринбосари 500 кишига тўй қилишга етадиган маошни қаердан олади? Ҳаммаси ўғрилик бу, агар бунинг тагини суриштирсак. Ўғрилик! Бу ҳам адолатсизликнинг бир оқибати. 110 киши, 120 киши. Тамом! Жуда бўлмаса, махсус комиссиядан рухсат олиб, 150 кишилик тўй қилади. Бундан ортиғи ҳеч қаердан бўлмайди. Жуда яхши бўлади, фақат ёшлар бўлади. Қариялар нон синдиришга, тўйга ёшлар боради.
Мен шунинг ҳаммасини ёзиб, қарор чиқаришга мажбурман. У замон ўтиб бўлди энди. Авваламбор эрталабки тўйлар йўқ бўлади. Бўлди энди. Маросим тушлик вақти 13:00 дан 14:00 гача бўлади. Қайси ресторан кечқурун ўшани қилса, ўша ресторанни ўша куниёқ ёпамиз. Адолатсизликни ўзимиз бошлаб беряпмиз”, деган эди Мирзиёев.
2019 йилнинг 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинган. Қарор билан тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги Низом тасдиқланган. Унда шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчиликка йўл қўймаслик ҳақида алоҳида банд бор.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Ўзбекистоннинг давлат қарзи қолдиғи 2024 йилнинг I ярмида 37 миллиард долларни ташкил этганини маълум қилганди. Қўчқоровга кўра, жорий йилнинг дастлабки ярмида давлат қарзи ялпи ички маҳсулотнинг 33,2 фоизини ташкил қилган. Вазирнинг Халқаро валюта жамғармаси ҳисоботига таяниб айтишича, ҳозирда Ўзбекистоннинг давлат қарзи мўтадил даражада. Жорий йил январь–июнь ойларида Ўзбекистон номидан давлат кафолати остида жами 2,8 миллиард долларлик ташқи қарз шартномалари имзоланган. Шунингдек, давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш, 2024 йилда сўндириладиган халқаро облигацияларни қайта молиялаштириш мақсадида жаҳон молия бозорларига 1,5 миллиард доллар миқдоридаги суверен халқаро облигациялар чиқарилган.
LiveБарчаси