Вазир ибодат либоси масаласида “тупик”ка кириб қолингани ва яктак кийганлар жавобгарликка тортилганини эслади

Жамият 6795

Маълумки, куни кеча янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди ва янги қонундан ибодат либоси билан боғлиқ модда чиқариб ташланди. Хўш, бунга нима туртки бўлди? Ўзи бу модда нимани англатар эди? Ибодат либоси дейилганда қандай кийим назарда тутилганди? 

Ушбу саволлар нафақат оддий диндорларни, балки қонун ижодкорларини ҳам қийнаб келган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетов АОКАда ўтган брифингда сўз очаркан, бундан 5-6 йил аввал мутахассислар қонундаги “ибодат либоси” сўзига таъриф беришга қийналиб, “тупик”ка кириб қолганини, бироқ қонуннинг ушбу моддаси билан оддий яктак кийганлар ҳам жавобгарликка тортилганини эслади. 

“Бу қонун давлатнинг дин сиёсатини аниқ тушунтириб берадиган, ягона, бирлашган унификациялашган ҳуқуқий ҳужжат, десак бўлади. Бу ҳужжат Ўзбекистон ҳаётида олдин ҳам жуда катта аҳамиятга эга эди. Унинг ичидаги нормалар аҳолининг ҳар кунги ҳаётида қийинчиликлар туғдираётганди. Шу нуқтайи назардан янги ёндашувлар, янгича қарашлар, керак бўлса, жамиятнинг бу борадаги эҳтиёжларини эътиборга олиб, халқаро стандартларга мос бўлган янги концепция асосида қонуннинг нормалари шакллантирилди”, дейди Русланбек Давлетов. 

У сўзида давом этаркан, навбатдаги қонунда аввал таърифи ва амалиётда қандай ишлатилиши мавҳум бўлган терминларга энди тўлиқ таъриф берилганига эътибор қаратди. 

“Биринчи жиҳат, чекловларнинг айримлари олиб ташланиши. Бизга ушбу қонундаги терминларга таъриф бериш жуда қийин бўларди. Ноқонуний диний фаолият, диний ташкилот нима дегани? Бунда талқинлар ҳар хил бўлар эди. Шунинг учун янги таҳрирдаги қонунда буларнинг барчасига таърифларни келтирдик. Ҳар бир термин ҳақиқий таърифига эга. Нимагаки, эртага бу қонунни амалиётда  қўллаганда, ягона ёндашув, ягона ҳуқуқий амалиёт шаклланиши, судда кўриладиган бўлса, суд бундан фойдаланиши учун терминларга таъриф берилди. Бу ҳам осон бўлмади. Чунки, диний фаолиятнинг қайси жиҳатлари ноқонуний ҳисобланиши керак, деган саволга жавоб бераман десангиз, икки кун баҳслашиш мумкин. Ҳозирги жараёнларда чет эллик экспретлар, ўзимизнинг депутат ва сенаторларимизнинг чуқур мулоҳазаларидан кейин мана шу терминлар шаклланди”, дейди Адлия вазири. 

Мамлакатнинг бош ҳуқуқшуноси сўзида давом этиб, ибодат либоси масаласига алоҳида тўхталди. Қонунда ушбу модданинг мавжуд бўлгани кўплаб қийинчиликларни келтириб чиқарганини эслади. 

“Яхши маълумки, ибодат либоси деган тушунчани олиб ташладик. Бу тарихан ва яқин ўтмишимизда ҳам амалиётда қийинчиликларни келтириб чиқараётган эди. Мен бундан 5-6 йил олдинги ҳолатни яхши эслайман. Унда бошқа ташкилотда ишлар эдик ва ишчи гуруҳ топшириқ олганмиз. Ибодат либоси нима эканини тушунтириб берайлик, қийин бўляпти дейилганда, биз гуруҳ бўлиб ўтирганмиз, кўп экспертлар келган. Бошида бу терминнинг таърифини дарров ёзиб ташлаймиз, деб амин бўлганмиз. Кейин профессионал ёндашув билан таҳлил қилишни бошлаганимизда, жуда қийналганмиз. Охир-оқибат қандай “тупик”ка кириб, бу терминга таъриф бера олмаслигимизни, ожизлигимизни тан олганмиз. У пайтда бу қонунни қайта кўриб чиқиш борасида бундай ҳаракатлар йўқ эди. Ўша вақтда ҳам ибодат либоси билан боғлиқ муаммо бор эди. Ўшанда ҳам аниқ белгилаб, аниқ тақиқини қўйиб берайлик, деган нуқтайи назарда айтилганди. Яъни, енгиллик бериш эмас, аниқ тақиқни белгилаб берайлик, деган [вазифа] бор эди. Шунинг учун бизни қийнаб келаётган мана шу терминдан воз кечилди. Чунки, ўзимизнинг деҳқонлар киядиган яктакни кийиб юрганда ҳам жавобгарликка тортиш ҳолатлари бўлган. Бунга ибодат либоси сифатида қаралган. Шундай тан олиниб, керак бўлса, мана шунақа амалиётлар ҳам бўлган. Энди эса бундай амалиётга чек қўйилди ва катта ўзгариш бўлди”, дейди Русланбек Давлетов. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 127
Рейтинг: 3
t
×