Жамоат жойларида ибодат либосида юрганлик учун жавобгарлик бекор қилиняпти

Жамият

image

Ўзбекистонда қонун билан фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юрганлиги учун белгиланган маъмурий жавобгарлик бекор қилинмоқда. Бу ҳақда жорий йилнинг 19 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасида маълум қилинди.

Қўмита мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуннинг дастлабки муҳокамалари бўлиб ўтган. Унда ушбу Қонуннинг қабул қилиниши натижасида жамиятда миллатлараро тотувликни, диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга, дунёвий қадриятларни сақлаб қолишга ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга эришилиши қайд этилган.

Маълумки, амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-1-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юриши БҲМнинг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жаримага ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Бироқ қонунчиликда “ибодат либоси”га айнан нима кириши аниқ қилиб кўрсатилмаган. 

Бундан ташқари, қўмита экспертлари ҳамда соҳа мутахассислари томонидан ўтказилган йиғилишда сўнгги пайтларда мамлакатда диний соҳа вакиллари томонидан қонуний никоҳ бўлмаса ҳам никоҳ тузишга доир диний маросимларни амалга оширилаётгани таъкидланган. Бу ўз-ўзидан ижтимоий муаммолар юзага келишига сабаб бўлаётгани қайд этилган.
Шунингдек, айрим диний блогерлар томонидан ижтимоий тармоқларда дунёвий ва диний ҳаёт тарзини олиб борувчи жамият вакиллари орасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган, фақат ўзининг диний қарашларини ифодаловчи ва диний адоватни қўзғатишга қаратилган чиқишлар кўпайиб бораётгани таъкидланган.

“Қонунда миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб бир тоифа фуқароларни бошқа тоифа фуқаролардан устунлигини ёки нуқсонли эканлигини тарғиб қилганлик, никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга оширганлик, кўп хотинли бўлишни тарғиб қилганлик, жинс бўйича камситишни тарғиб қилганлик учун тегишли жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда. Шунингдек, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этганлик ҳамда фуқароларни миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб камситганлик ҳамда диний ташкилот томонидан ўзининг уставида назарда тутилмаган фаолият билан шуғулланганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда”, дейилади Сенат матбуот хизматининг баёнотида.

Йиғилиш якунида ушбу Қонун бўйича экспертлар томонидан тайёрланган тавсиялар Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасига тақдим этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон ибодат либоси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг