Ван И Қозоғистон Президенти қабулида бўлди
Олам
−
20 Май
3043Бугун, 20 май куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, Ташқи ишлар вазири Ван Ини қабул қилди. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат чоғида Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Хитой дипломатиясининг жаҳон сиёсатидаги ғоят муҳим ролини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Хитой ташаббуслари глобал кун тартибини шакллантиради ҳамда халқаро тинчлик ва барқарорликни сақлашга катта ҳисса қўшади.
У Хитойни маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш, технологик инновациялар, иқтисодий ўсиш, халқаро инвестициялар ва бошқалар каби кўплаб соҳаларда тан олинган етакчи деб атади. Давлат раҳбари Қозоғистон-Хитой муносабатларини халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ, ШҲТ, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича конференция доирасида ҳам юқори баҳолади.
“Қозоғистон Хитойнинг ишончли ҳамкори бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Дарҳақиқат, муносабатларимиз ва ҳамкорлигимиз олдинга – келажакка қаратилган”, дейди Президент.
Вазир Ван И давлат раҳбарига қозоқ заминида кўрсатилган меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин номидан эзгу тилакларни етказди. ️Учрашувда савдо-иқтисодий, энергетика ва маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари ҳамда ҳукуматлараро алоқаларни кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, Тўқаев ҳам Хитой раиси Си Цзиньпинга самимий саломлар етказди ва унинг Остонага бўлажак давлат ташрифидан умидлари катта эканини таъкидлади. Қайд этиш жоиз, Си Цзиньпин жорий йилнинг июль ойида Қозоғистонга ташриф буюриши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қосим-Жомарт Тўқаев Марказий Осиёнинг 3 давлати (Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон)га сафар қилган Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири ўринбосари Лю Гочжунни қабул қилганди. Ван И эса куни кеча Тожикистонда Президент Имомали Раҳмоннинг қабулида бўлганди.