Шавкат Мирзиёев “Вакцина – бу коронавирус тугади дегани эмас”
Жамият
−
18 Сентябрь 2020
21756Маълумки, бугун, 18 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини такомиллаштириш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини жадаллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилиш аввалида давлат раҳбари коронавирус билан боғлиқ вазиятга тўхталиб ўтди. Касаллик ҳамон бутун дунё бўйлаб кенг тарқалаётгани, сўнгги кунларда мамлакатда ҳам беморлар сони кўпайгани афсус билан қайд этилди.
“Коронавирус масаласини биз ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Минг афсус охирги пайтларда ҳамма вилоятларда кўпайиб боряпти. Биз сизлар билан келишиб, мана шундай шароитларда яшаш, ишлаш, ўқиш ва маданий ҳордиқ чиқаришга ўрганишимиз керак деяпмиз. Лекин ҳали ҳамма ҳам бунга эътибор бермаяпти, тушунмаяпти”, дейди Шавкат Мирзиёев огоҳликка чақириб.
Иккинчидан, давлат раҳбари ҳозир жуда ёмон пневмония касаллиги ҳам кўпайганини қайд этди. Шунингдек, касалликларга қарши курашиш учун жуда кўп давлатлардан тажриба орттириш учун шифокорлар олиб келинаётгани таъкидланди.
“Россиядан келган шифокорлар бизга жуда катта ёрдам, кўмак, тажриба орттирди десак тўғри бўлади. Даволанишни ўрганишимиз, даволаш тизимини мутлақо бошқа тарзда кўришимиз керак.
Кўряпсиз, бошқа давлатларда ҳам касалланиш кўпайиб бошлади. Биз мактабгача таълим, ўрта таълим, олий таълимда ўқишни бошлаяпмиз. Ҳар бир ота-она билан гаплашиб, талабига қараб чора-тадбирлар қилиб, шунга шароит яратяпмиз. Ўқитувчиларимизни ҳам тестдан ўтказганимизда, минг афсус, кўпчилигидан касаллик чиқяпти”, дейди Президент.
Мирзиёев одамлар шамоллаши билан шифохонага бориши кераклигини, аммо зиёли одамлар ҳам касал бўлганида бир неча кунлаб уйда қолаётганини танқид қилди.
“Ҳозирги пандемияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларимиз огоҳлик нуқтаи назаридан. Одамлар салгина шамолладими дарров шифохонага бориши керак. Катта-катта вазир, мутасаддилар ҳам, зиёлилар ҳам 4-5 кун уйда ўтиряпти. Бу ўзининг соғлиғига, оиласига хиёнатку. Айтяпмиз ҳаммага, шамоладингми, дарров докторга мурожаат қилгин, тиббиёт муассасасига келгин, деяпмиз. Агар мана шуларни ҳозир қилмасак, эртага нима бўлишига ҳеч ким кафолат бермайди”, дея у одамларни ўз вақтида шифокорга мурожаат қилишга чақирди.
Президент вакцина ишлаб чиқарилди дегани, коронавирус тугади, инсоният бу балодан қутулди дегани эмаслигини алоҳида айтиб ўтди. У дори ва маблағ захирасини тайёрлаш зарурлигини урғулади.
“Дунёда бўлаётган воқеаларга қараб, бунга енгил қарамаслигимиз керак. Вакцина бу коронавирус тугади ёки биз шу билан ютдик, муаммоимиз ҳал бўлади дегани эмас. Шуни ҳамма билиши керак. Ҳаво ҳароратининг салгина пасайганига шамоллаш ҳам, чақирув ҳам кўпайди. Дори-дармон, маблағ захираларини саранжом қилиш лозим. Халқимизнинг олдида жуда катта масъусиятимиз ва жавобгарлигимиз бор. Буни барча билиши керак”, дейди Президент.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра. ҳар куни маҳаллий телевидениеда Тошкент шаҳрида ва вилоятларда эрталаб, кундузи ва кечқурун 1 соат огоҳликка даъват қилиш керак. Мутахассислар сўзга чиқиб, шамоллаш нима эканини, қандай даволашни тушунтириб, одамларга етказиши лозим. Қандай камчиликлар бор, одаммлар ўзини қандай тутяпти, эпидемиологик вазият қандай, шуларни барчасини жой-жойига қўйишимиз керак
“Қиш келяпти, совуқлар келяпти. Ҳар бир ҳоким касалликни олдини олиш бўйича қишга тайёргарлик қандай бўлиши ҳақида бир ҳафта ичида қарор қабул қилади. Вирус ёнимизда юрибди. Биз вирус билан курашишни ўргансак, орттирилган тажрибани инобатга олиб, чора-тадбирларга “тамир интизом” билан амал қилсак, фойда бўлади, бўлмаса йўқ”, деди Шавкат Мирзиёев.
Президент йиғилишда тиббиёт ходимлари, ўқитувчилар ва 65 ёшдан катталарни гриппга қарши эмлашни тезлатиш кераклигини ҳам таъкидлаганди.
LiveБарчаси