Ваъдага вафо. Россия 45 нафар польшалик дипломатни ҳайдади

Олам 9190
image

Москва россиялик дипломатларнинг Польшадан чиқариб юборилишига жавобан 45 нафар польшалик дипломатни номақбул шахслар (персона нон грата) деб эълон қилди. Улар 13 апрелгача Россияни тарк этишлари керак. Бу ҳақда ТАСС Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигига таяниб, хабар берди.

“Польшанинг россиялик дипломатларни чиқариб юбориш бўйича ўзаро муносабатлар тамойилига асосланган нодўстона ҳаракатларига жавоб тариқасида Польша Республикаси элчихонаси ҳамда Польша Республикасининг Иркутск, Калининград ва Санкт-Петербургдаги бош консулликларининг 45 нафар ходими персона нон грата деб эълон қилинди. Улар Россия Федерацияси ҳудудини 13 апрель куни охиригача тарк этишлари керак. Тегишли нота Польшанинг Россиядаги элчисига топширилди”, дейилади хабарда.

Ташқи ишлар вазирлигининг таъкидлашича, бугун, 8 апрель куни Смоленская майдонига чақирилган Польшанинг Москвадаги элчиси Кшиштоф Краевский 23 март куни Россиянинг республикадаги 45 нафар хорижий ваколатхоналари ходимининг персона нон грата сифатида асоссиз эълон қилинганига кескин норозилик билдирган.

“Элчига бундай қадамни Варшаванинг икки томонлама муносабатларни охир-оқибат барбод қилишга онгли равишда интилаётганининг тасдиғи деб билишимиз айтилди. Бунинг учун жавобгарлик тўлиқ Польша томонида”, дейилади вазирлик хабарида.

Хабарга кўра, март ойи охирида Россиянинг Польшадаги элчиси Сергей Андреев разведка фаолиятида айбланиб, 45 нафар россиялик дипломат чиқариб юборилгани ҳақида нота олган. 

Хабарга кўра, мамлакатлар ўртасида дипломатик алоқалар сақланиб қолган. Россия Федерациясининг Варшавадаги элчихонаси, консуллик бўлими, шунингдек, Краков, Гданьск ва Познандаги бош консулликлар ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 23 март куни Россиянинг Польшадаги элчиси Сергей Андреевга дипломатик миссиянинг 45 нафар ходими мамлакатда чиқариб юборилиши ҳақида нота топширилган эди. Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги Россия бунга албатта жавоб беришини айтганди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг февраль ойи охиридан бери Польша Россиянинг Варшавадаги элчихонасининг банк ҳисобларини “терроризмни молиялаштириш учун ишлатилиши мумкин” деган баҳона билан блоклаб қўйган.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 146
Рейтинг: 2.9
t
×