“Ваҳимага ўрин йўқ”. Маҳаллий раҳбарлар “Ҳисорак” сув омборидаги ҳолат ҳақида (видео)
Жамият
−
11 Июнь
30844Кеча, 10 июнь куни Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида жойлашган “Ҳисорак ГЕС” УК бошқармасига қарашли “Ҳисорак” сув омбори тўғонининг чап тарафидан қўшимча туннел очиш мақсадида олиб борилаётган муҳандислик техник тадбирлари вақтида сув сизиб чиқиши ҳолати кузатилди. Шаҳрисабз туман ҳокими ва Қашқадарё вилоят ФВБ бошлиғи видеомурожаат билан чиқиб, жиддий ҳодиса юз бермаганини маълум қилди ва аҳолидан уй-жойларини ташлаб кетмасликни сўради.
Билдирилишича, авария оқибатини бартараф этиш мақсадида “Ўзбекгидроенерго” АЖ бошқаруви раиси раҳбарлигида вилоят ҳокими, ФВБ, ИИБ бошлиқлари ва бошқа мутасадди ташкилотлардан иборат тезкор штаб тузилиб, махсус техникалар ёрдамида барча зарур муҳандислик тадбирлари олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, ҳолат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги назоратида. Сув омборига шикаст етмаган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Мурожаатда айтилишича, ҳар йили ёз фасли бошида пахта ва ғаллани суғориш мақсадида Қамаши туманидаги “Чимқўрғон” сув омборига сув чиқарилади. Жорий йилда ҳам шу тадбир амалга оширилган вақтда сув сатҳи кўтарилиши кузатилган.
Масъуллар аҳолидан ваҳимага тушмасликни, ҳаммаси назорат остида эканлигини, ҳеч қандай жиддий хавф йўқлигини, ёлғон хабарларга ишонмасликни таъкидлаган. Шунингдек, аҳолидан ўз яшаш жойларини тарк этмаслик, аксинча ҳамма ўз яшаш уйида қолиб, тунни сокин ўтказишлари сўралган.