Олтин парад: қадимги Миср фиръавнларининг мўмиёланган жасадлари кўчирилди (видео)
Олам
−
05 Апрель 2021
9838Жорий йилнинг 3 апрель куни Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида ноодатий "Фиръавнлар сайри" ўтказилди.
Бир асрдан буён Таҳрир майдонидаги Қоҳира музейида сақланаётган Қадимги Миср фиръавнларининг мўмиёланган жасадлари янги ташкил этилган Миср цивилизацияси миллий музейига тантанали равишда ўтказилди.
22 та мўмиёланган фиръавнлар ва маликалар жасадлари солинган тобутлар шоҳона кортежларда, олтин рангидаги машиналарда ўзининг янги даргоҳига етиб борди.
Маросимда мамлакат Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ҳамда UNESCO директори Одри Азуле ҳам иштирок этган.
Намойишларга жами 60 та мотоцикл, 150 та от, 330 нафар спортчи, 150 нафар мусиқачи ва 150 нафар Мудофаа вазирлиги ходимлари жалб этилган.
Иштирокчиларнинг барчаси қадимги Миср даври акс этган либосларда ва қиёфаларда намоён бўлган.
Кўчирилган мўмиёлар орасида машҳур Рамзес II нинг мўмиёланган жасади ҳам бўлган.
Маълумот ўрнида, ХIХ аср охири ва ХХ аср бошларида Мисрда Буюк Британия магнатлари ҳомийлигида кенг кўламли археологик тадқиқотлар олиб борилган бўлиб, мўмиёланган жасадлар айнан шу даврларда топилган.
1920 йилларда Тутанхамон мақбарасини очишда иштирок этган экспедиция аъзолари бирин-кетин сирли равишда ҳалок бўлган. Шундан сўнг фиръавнлар қарғиши ҳақидаги афсоналар вужудга келган.
Бу сафар ҳам мўмиёларнинг кўчирилиши олдидан ижтимоий тармоқларда фиръавнлар қарғиши ҳештеги остида мамлакатда юз берган фалокатларни мазкур воқеага боғлаб акциялар ўтказилган. Жумладан, Сувайш каналидаги ҳодиса, поезднинг ҳалокати натижасида 18 кишининг вафот этиши ва Қоҳирадаги бинонинг қулаши натижасида 25 кишининг ҳалок бўлишини ҳам айнан фиръавнлар жасадларининг безовта этилиши билан боғлашга уринишлар бўлган.