“Ўзсувтаъминот” раисининг оёғи ердан узилиб, Сенатни менсимайдиган бўлиб қолганми?

Жамият

Ухлаётган сенаторлар ёхуд ухлаб чиқарилаётган қонунлар – 2 (видеорепортаж) north_east

Ухлаётган сенаторлар ёхуд ухлаб чиқарилаётган қонунлар – 2 (видеорепортаж)

“Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси Соҳиб Саифназаров “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги Конституциявий қонунни билмайдими ё менсимайди? Нега у сенаторларнинг сўровларидан қочиб, масъулиятни бўйнига олмай, сенаторларга ўринбосарларини рўбаро қиляпти? Ушбу масала шу ҳафта бўлиб ўтган Сенатнинг 29-ялпи мажлисида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов томонидан кўтарилди. 

Сенатнинг 29-ялпи мажлисидан тайёрланган ушбу лавни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ'нинг YouTube'даги каналида томоша қилишингиз мумкин

Ўтган ой Сенат раиси бошчилигида барча сенаторлар ҳудудларга чиқиб, аҳоли муаммоларига қулоқ тутди. Танзила Норбоеванинг ўзи ҳам Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида бўлиб, сайловчилар билан учрашди. Раис галдаги ялпи мажлисда учрашувлар бўйича сенаторлар ҳисоботини тинглади. 

Сенатор Қутбиддин Бурҳоновнинг қайд этишича, пойтахтдан унча узоқ бўлмаган Тошкент вилоятидаги учта маҳаллада 17 йилдан буён ичимлик суви йўқ. Одамлар бир чойнак чой қайнатиш учун ҳам сувни узоқдан олиб келади. Шуми Янги Ўзбекистон? 

“2020 йилда Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида учта – Туркистон, Бешбой ва Чангтепа маҳалласида аҳоли билан учрашган вақтимда, бу ердаги мингдан ортиқ аҳоли 2005 йилга қадар ичимлик суви билан таъминлангани, лекин охирги 17 йилдан буён ичимлик суви йўқлиги, шу боис қариялар, ёшлар, айниқса, чақалоғи бор оилалар узоқ жойдан сув олиб келишга қийналаётгани туфайли, бу масалада ёрдам беришимизни сўраб, мурожаат қилдилар”, дейди Бурҳонов.

У Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 24 май куни имзоланган “Аҳолининг ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари билан таъминланганлик даражасини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни эслади. Аммо қарор ижроси ўлда-жўлда қолмоқда. 

Сенатор Қутбиддин Бурҳонов “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқарув раиси Соҳиб Саифназаровга икки марта сенаторлик сўрови юборгани ва икки сафар ҳам Саифназаровнинг ўзидан эмас, балки ўринбосарларидан жавоб олгани, камига жавоблар ҳам йилдан йилга фарқ қилаётганини урғулади. 

“Аҳолининг мурожаатини ҳисобга олган ҳолда, “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси Соҳиб Саифназаров номига сенаторлик сўрови юбордим. Сўровга унинг биринчи ўринбосари Хайдаровнинг имзоси билан жавоб олдим. Қўлимда 2021 йил 7 май куни йўлланган жавоб турибди. Шу ҳолатни тасдиқлаганлари ҳолда “ушбу лойиҳадаги ичимлик-оқова сув тармоқларини яхшилаш учун ажратиладиган қўшимча 179 миллиард сўм маблағлар ҳисобидан Ўрта Чирчиқ тумани Туркистон, Бешбой ва Чангтепа маҳаллаларида 12,7 километр ичимлик-оқова сув тармоқларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари 2021 йилнинг иккинчи ярим йиллигида амалга оширилиши режалаштирилди”, деб жавоб хати бердилар. 

Биз шу хатни аҳолига кўрсатиб, иш бошланганини айтганимизда, ниҳоятда хурсанд бўлиб, миннатдорлик билдиришди. Хатга асосан Чангтепа маҳалласида ўтган йили 6 километр ерга елим  қувурлар ётқизилди. Бироқ, ётқизилганча қолиб кетди, бошқа ҳеч қандай иш қилинмади, бугунги кунга қадар сувга уланмади. Қолган икки маҳаллада эса ҳеч қандай иш қилинмади. Шу муносабат билан бу йил май ойида такроран [“Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси Соҳиб Саифназаровга] сенатор сўрови юбордим. Бу сўровга ҳам Соҳиб Саифназаровнинг ўзлари эмас, яна бошқа ўринбосари имзо қўйиб, бу жойлар ҳеч қандай режага киритилмагани тўғрисида хабар берди. Қўшимча суриштирувлар вақтида аниқландики, киритилган режадан ҳам 2022 йилда чиқариб ташлашибди”, дейди Бурҳонов.

У сўзида давом этаркан,  “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқарув раиси Соҳиб Саифназаровни Олий Мажлис Сенати тўғрисидаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги Конституциявий қонунни билмаслиги ёки била туриб уни менсимасликда айблади.

“Президентимизнинг айтаётган гапларидан келиб чиқиб, халқни рози қилиш учун меҳнат қилишимиз керак. Халқ шуни сўраяпти. Ичимлик суви муаммо. Президентнинг охирги қарорларида ҳам кўрсатилди. Мен тушунмадим, Саифназаров ҳар икки ҳолатда ҳам ўзларини масъулиятдан олиб қочиб, ўринбосарларига имзо қўйдириб, Олий Мажлис Сенати тўғрисидаги Конституциявий қонунни билмайдиларми ёки менсимайдиларми? Агар қатнашаётган бўлсалар, Саифназаровдан ўзлари фикр билдиришларини илтимос қилган бўлардим”, дейди Бурҳонов.

Бу орада Сенат раиси Танзила Норбоева ҳам Саифназаровни қидириб қолди. Йўқ! Жаноби олийлари бу сафар ҳам ўринларига ўринбосарларини юборибди.

“Ҳақиқатан шу учта маҳалла бўйича биз жавоб берганмиз. Иш бошланган маҳаллаларда маблағ етишмаганлиги учун тўхтатилган. Бу йил қўшимча маблағ ажратиб берилган. Маблағни олишимиз билан ишни давом эттириб, шу учта маҳаллага узлуксиз сув таъминлаб беришни режалаштирганмиз. Лекин иккинчи хатда режага киритилмагани ҳақидаги жавобни биз ўрганиб чиқиб, алоҳида маълумот киритамиз”, дейди Сенат анчадан буён қидираётган Саифназаровнинг биринчи ўринбосари Тохир Хайдаров.  

Аҳамиятлиси шундаки, Сенат ва сенаторларнинг сўровларига беписандлик қиладиганларни хушламайдиган, аччиқ танқидлари билан унча-бунча раҳбарни ердан узилган оёғини жойига қайтариб қўядиган Танзила Норбоева ҳам бунга чуқур муносабат билдирмади.

Шунингдек, йиғилишда Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев ҳам сўз олиб, Жиззах вилоятининг Зафаробод туманидаги “Бирлик” ва “Ёрқин” маҳаллалари фуқаролари ҳам 15 йилдан буён ичимлик суви йўқлигидан азият чекаётгани, ушбу маҳаллада 17 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилишини қўшимча қилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Сенат

Баҳолаганлар

220

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг