Ухлаётган сенаторлар ёхуд ухлаб чиқарилаётган қонунлар – 2 (видеорепортаж)

Жамият 15880

Анчадан бери кўришмаётган, бафуржа суҳбатлашолмаётган хонимлар ва жаноблар Сенатнинг йигирма тўққизинчи ялпи мажлиси баҳона учрашиб, дийдорлашишди. Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсуновни илиқ қаршилади. Эшик ортида эса раис Танзила Норбоева биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев билан нималарнидир муҳокама қиляпти. 

Видеолавҳани юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ'нинг YouTube'даги каналида томоша қилишингиз мумкин

Қодирхонованинг қўмитаси эса бугун “Оила кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонунни муҳокамага олиб чиқади. 

Соғлиқни сақлаш вазири Сенат мажлисида нима қиляпти? Тинчликми? Ҳа майли, бироздан кейин билиб олармиз. 

Танзила опанинг ёрдамчиси ҳам кўриниш берди. Бироздан кейин опа ҳам келиб қолса керак. Ана, келишяпти. 

Бугун кўриладиган масалар талайгина. Пул жигардан бўлган, дейди халқимиз. Сенатнинг 29-ялпи мажлиси ҳам “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонунни кўришдан бошланди. 

Хўш, Ўзбекистоннинг бугунги қарзи қанча? Молия вазири Одилбек Исоқовнинг айтганларини эшитиб, капалагингиз учмасин. 

Қонун билан давлат қарзи суммасининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан энг юқори миқдори 60 фоиздан ошмаслиги керак.

Қонун сенаторлар томонидан бир овоздан маъқулланди. 

Раис Норбоева ва ўринбосар Сафоев шунчаки суҳбатлашишяпти, деб ўйласангиз хато қиласиз. Улар дунёнинг у бошидан кириб, бу бошидан чиқишяпти. Буёқда эса опанинг ёрдамчиси қачон сувни олиб боришини билмай, пайт пойлаяпти. Келаверинг, тортинманг. 

Сенаторлар Уй-жой кодекси, “Оила кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги, “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 206 прим 1 -моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги, “Судларнинг фаолияти рақамлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги – жами 4 та қонунни рад этди. Журналистлар ҳайратда. Чунки бунақаси яқин орада бўлмаган. Битта мажлисда 4 та қонун рад этилса-я. 

Оила кодексига киритилаётган ўзгаришлар бўйича қонунни рад этаркан, асли келиб чиқиши врач бўлган сенатор Дилором Тошмуҳамедова Ўзбекистонда доимий равишда яшириб келинган маълумотни айтиб юборди. Унга кўра, “2021 йилда 910 мингдан ортиқ бола туғилган бўлса, шундан 170 минг нафари асоратли туғуруқ билан дунёга келган. Бу деярли 20 фоиз. Демак, ҳар бешинчи бола асоратли туғиляпти. Бу рақамларга алоҳида эътибор қаратиш керак”.

Бу гапдан кейин Тошмуҳамедовага гап тегмаган бўлсин-да. 

Телеканаллар кимдан интервью олсам экан, деб шошиб қолди. Малика Қодирхонова уларнинг жонига ора кирди. Бу орада эса кўпчиликнинг тик турганидан фойдаланиб залдан қочганлар ҳам топилди. 

Ия, хуррак овозими? Ухлаётган ким бўлди? Эй, майли, қўйинг, ухлайверишсин, Сенатдаги мажлислар одамни уйқу тортса, айб улардами? Тортинманг, сиз биринчи ҳам, охирги ҳам эмассиз. 

Бугун куннинг юлдузи Акмал Бурҳонов бўлса керак. У мамлакатдаги энг коррупцион соҳаларни айтади, маърузаси ҳам узу-у-ун бўлганов. Нима бўлса ҳам секинроқ гапирсин, пинакка кетганларни чўчитиб юбормасин. 

Соғлиқни сақлаш вазирлигида 56 млрд сўмдан ортиқ миқдордаги молиявий хато камчиликлар аниқланганини эшитиб, Мусаевнинг фиғони фалакка чиқди. У Бурҳоновдан келишиб ишлашни сўради. 

Опа ҳам ўзини тутиб туролмади.

Сенатнинг 29- ялпи мажлиси 5 август куни ҳам ўз ишини давом эттирди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ўтган ойнинг шу кунларида норозилик намойишлари авжига чиққан Қорақалпоғистон Республикасидан туриб, онлайн иштирок этди ва Сенатга ахборот берди. 

Бундан ташқари, 2022–2026 йилларга мўлжалланган "Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури"нинг 2022 йил биринчи ярим йиллиги якуни бўйича бажарилиши юзасидан Бош вазирнинг Молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоровнинг ахбороти тингланди. 

Қўчқоровга нисбатан саволлар жуда кўп бўлди. Ҳатто, унинг ўзи ҳам саволлардан тик оёқда туриб, толиқиб, зерикиб ҳам кетгани сезилди. 

Сенат ялпи мажлиси иккинчи куни биринчи кунга нисбатан ўта зерикарли ўтган ҳолда тугади.

Эслатиб ўтамиз, QALAMPIR.UZ'да 2019 йилнинг 21 сентябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 20-ялпи мажлисидан ҳам "Ухлаётган сенаторлар ёхуд ухлаб чиқарилаётган қонунлар" номли фоторепортаж берилганди. 

Қамариддин Шайхов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 208
Рейтинг: 3
t
×