Ўзбекистоннинг ЖЧдаги рақиби ўзгариши мумкин
Спорт
−
26 Февраль 11054 2 дақиқа
FIFA Конго Демократик Республикаси миллий терма жамоасини Жаҳон чемпионати қитъалараро саралаш босқичидан четлатиб, унинг ўрнига Нигерия терма жамоасини тайинлашга яқин. Бу ҳақда “Nigeria Guardian” нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, 2025 йил ноябрь ойида Конго терма жамоаси Африка плей-оффида Нигерияни мағлуб этиб, Жаҳон чемпионатига чиқиш учун қитъалараро ўтиш ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритганди.
Нигерия футбол федерацияси FIFA’га расмий шикоят киритиб, Конго таркибида фуқароликни алмаштириш ва спорт фуқаролиги талабларига жавоб бермайдиган футболчилар ўйнаганини маълум қилган.
Нигерия томонининг таъкидлашича, 9 нафаргача футболчи Европа паспортларига эга бўлган ва аввалги фуқароликдан расман воз кечмаган. Айни пайтда Конго қонунчилиги икки фуқароликка рухсат бермайди.
Нигерияликларнинг фикрича, ушбу футболчилар Европа паспортларидан воз кечмаган ва Конго федерацияси уларнинг миллий мақоми борасида FIFA’ни чалғитган.
FIFA низомига кўра, халқаро ўйинларда иштирок этиш учун тегишли мамлакатнинг амал қилувчи паспорти талаб этилади.
Конго томони эса барча футболчилар FIFA томонидан тасдиқланганини ва майдонга тушиш ҳуқуқига эга бўлганини таъкидлаб, Нигерияни спорт майдонидан ташқари йўл билан натижага эришишга уринишда айбламоқда. Ҳозирча FIFA’нинг якуний қарори эълон қилинмаган.
Маълумот учун, Конго саралашдан ўтса, Ўзбекистон терма жамоаси жой олган “К” гуруҳига ўрин олади. Бу гуруҳда шунингдек яна Португалия, Колумбия терма жамоалари ҳам бор.
Live
Барчаси