Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди
Жамият
−
25 Январь 2021
9506Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласини ўрганишни ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳи Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан 2021 йилдаги ҳамкорлигига мўлжалланган “Йўл харитаси”ни тасдиқладилар. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, бугун, 25 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласини ўрганишни ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтган.
Таъкидланишича, Акмал Саидов раҳбарлигидаги мазкур ишчи гуруҳнинг мақсади ЕОИИга аъзоликнинг ижобий ва салбий жиҳатларини чуқур таҳлил қилиш, миллий иқтисодиётга таъсирини ўрганиш, бошқа халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик истиқболларига ўзаро боғлиқлигини ҳар томонлама кўриб чиқишдан иборатдир.
Йиғилиш иштирокчилари Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомини олгани ҳамда ушбу ташкилотга аъзо бўлган давлатлар бозорларида тўлақонли иштирок этиши учун ҳамкорликнинг ҳуқуқий тартибга солиш механизмларини чуқур ўрганиш, миллий техник тартибга солиш меъёрларини ЕОИИ талабларига мослаштириш бўйича ишларни жадаллаштириш зарурлигини таъкидлашган. ЕОИИ билан Ўзбекистон ўртасида ҳамкорлик ишларини самарали ташкил этиш мақсадида 2021 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси” лойиҳаси атрофлича муҳокама қилиниб, тасдиқланган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2020 йилнинг 11 декабрь куни Евроосиё иқтисодий иттифоқиша кузатувчи бўлиб қўшилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомини олганини урғулаб, ушбу ташкилотга аъзо бўлган давлатлар бозорларида тўлақонли иштирок этиш учун миллий техник тартибга солиш меъёрларини уларнинг талабларига мослаштириш бўйича ишларни жадаллаштириш зарурлигини айтганди.