Ўзбекистоннинг янги элчиси Жо Байденга ишонч ёрлиғини топширди 

Жамият

image

Ўзбекистоннинг АҚШдаги янги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фурқат Сидиқов Президент Жо Байденга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда у ўзининг Twitter саҳифасида маълум қилди. 

Сидиқов ижтимоий тармоқдаги саҳифасига АҚШ Президенти билан тушган суратини жойлаб:

“Президент Жо Байден билан учрашиш катта шараф ва имтиёз. Мен халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, стратегик шериклигимизни янада мустаҳкамлашга интиламан”, дея изоҳ қолдирган. 

Фурқат Сидиқов 1971 йил 7 февралда Тошкентда туғилган. 1993 йилда Тошкент давлат техника университетини тамомлаган. UzDaewoo Electronics қўшма корхонасида бош мутахассис (1993−1995), Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақавий тадқиқотлар институтида ходим, катта илмий ходим, етакчи илмий ходим (1995−2002, 2007−2011) лавозимларида ишлаган.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида атташе (2002−2007), ушбу элчихонанинг биринчи котиби (2011−2015), Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси (2015−2020) лавозимларида фаолият юритган.

2022 йилнинг 14 ноябридан Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди. У рус ва инглиз тилларини билади. Оилали, тўрт нафар фарзанди бор.

Маълумот учун, 2017 йилнинг 10 октябридан буён Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси лавозимида Жавлон Ваҳобов фаолият юритиб келаётган эди. Ваҳобов ўтган ойнинг бошида Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси лавозимидаги фаолиятини якунлаб, Ўзбекистонга қайтаётганини маълум қилган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойи бошида бу лавозимга Фурқат Сидиқов номзоди Сенат томонидан тасдиқланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Жо Байден Фурқат Сидиқов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг