Ўзбекистоннинг ташқи қарзи қанча? МБ ва Молия вазирлиги фарқли маълумот бермоқда

Жамият

image
0:00
0:00
download

Ўзбекистон Республикасининг умумий ташқи қарзи 2021 йил бошига нисбатан 16 фоизга ёки 5,4 млрд долларга ошиб, жорий йилнинг 1 январь ҳолатига 39,6 млрд долларни ташкил қилди. Бу ҳақда Марказий банкнинг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг тўлов баланси, халқаро инвестицион позицияси ва ташқи қарзи” нашрида келтирилган.

Қайд этилишича, 2021 йил бошига нисбатан давлат ташқи қарзи 11 фоизга ёки 2,4 млрд долларга ўсиб, 23,7 млрд долларни, давлат томонидан кафолатланмаган ташқи қарз эса 24 фоизга ёки 3 млрд долларга ўсиб, 15,8 млрд долларни ташкил этган.

2021 йилда ташқи савдо айланмаси (номонетар олтин ва тузатишларни ҳисобга олган ҳолда) 37,2млрд доллар бўлган (2020 йилда 31,9 млрд доллар). Бунда, экспорт ва импорт ҳажмлари мос равишда 14,1 млрд ва 23 млрд долларга тенг бўлиб, савдо балансининг дефицити 8,9 млрд долларни ташкил этган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 34,2 млрд долларни ташкил қилган. 

“Давлат ташқи қарзи бўйича маълумот Молия вазирлиги томонидан тақдим этилган бўлиб, ташқи қарз бўйича қарздорликнинг қолдиғини ҳисоблашда ҳисобланган, аммо тўланмаган фоизлар ҳам инобатга олинган. Шунингдек, халқаро молия бозорларида чиқарилган еврооблигациялар 2021 йил якунидаги бозор нархларида акс эттирилган”, дейилади нашрда.

Аввалроқ, Молия вазирлиги томонидан эълон қилинган 2021 йил якуни бўйича Макроиқтисодий кўрсаткичлар шарҳида ўтган йил якуни бўйича Ўзбекистоннинг ялпи ташқи қарзи биринчи марта 40 млрд доллардан ошиб 41,6 млрд долларни ташкил қилгани айтилган эди.

Маълумот учун, мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ташқи қарзи миқдори қонун доирасида экани ва ҳаммаси мақсадли ишлатилаётганини айтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

191

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг