Ўзбекистоннинг СССРдан қолган “илма-тешик” газ тизимини АҚШ ямаяпти

Жамият

СССР даврида қурилган ва аллақачон яроқлилик муддати тугаб бораётган Ўзбекистоннинг газ қувурларида йилига 50 минглаб газ сизиб чиқиш ҳолатлари кузатилади ва бюджетнинг 10 миллион долларлаб маблағлари шунчаки ҳавога учиб кетади. Бу АҚШнинг 20 йиллик тажрибага эга бўлган корхонаси – GasGreen Asia томонидан аниқланган маълумотлардир. Шу сабабли ҳам Ўзбекистоннинг “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти 2023 йилда аниқланаётган ушбу газ сизиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича шартнома имзолаган. 

“Бу лойиҳа ҳақиқатан ҳам Ўзбекистондаги бутун газ тақсимлаш тизимидаги сизиб чиқишларни аниқлаш ва таъмирлаш бўйича “Ҳудудгазтаъминот”  билан ҳамкорлик қилинаётган 11 йиллик саъй-ҳаракатларимизнинг биринчи йил маҳсулидир. Бу йил давомида Ўзбекистоннинг газ тақсимлаш тизими бўйлаб 52 000 дан ортиқ индивидуал газ сизиб чиқишини топиб, таъмирлашга муваффақ бўлдик. Биласизми, бу газ сизишларининг баъзилари катта газ тақсимлаш пунктларида ва ҳатто шундоққина одамлар уйлари ёнида кузатилган. Шунингдек, одамлар уйларига бириктирилган газ регуляторларида ҳам камчиликлар аниқланди. Демак, гап Ўзбекистон учун иқтисод қилинган жуда катта маблағлар ҳақида кетмоқда. Тахминимизча, шу пайтгача Ўзбекистонда газ сизиши оқибатида исроф қилиниб келинган 100 миллион доллар қийматидаги газингизни тежаб қолдик. Маҳаллий аҳоли саломатлиги, уларнинг газдан заҳарланмасдан, хавфсиз яшашлари учун бу жуда муҳим, деб ҳисоблаймиз. Қолаверса, бу атроф-муҳит учун жуда катта ютуқ.

Чунки ҳавога тарқалаётган метан гази глобал исиш каби иқлим ўзгаришларига олиб келади. Бу минтақадаги энг нозик масала бўлиб, келгуси йилларда Ўзбекистонни сув ва бошқа муаммолар билан юзлаштириши мумкин. Бу лойиҳа бундай бўлмаслиги учун ҳам керак. Икки ой олдин Ўзбекистондаги Оқ уйда ушбу лойиҳа бўйича сўзга чиқишимни сўрашди ва бу муваффақиятни қандай қилиб бошқа мамлакатларда ҳам синаш ҳақида эшитишни исташди. Шундай қилиб, метан эмиссиясининг қисқариши йилига 7,8 миллион тонна карбонат диоксид (CО2) эквивалентини ташкил этади, бу биз ушбу лойиҳа орқали эриша олган жуда катта миқдордир. Юқорида айтганимдек, бу биз бугун келиб, бир нарса қилиб, кейин кетиб, қўл бериб, хайрлашадиган нарса эмас. Биз Ўзбекистонга доимий равишда келишга 10 йиллик қўшимча мажбурият олдик”, деди лойиҳа раҳбари Кевин Жеймс.

24 сентябрь куни АҚШ элчисининг Тошкентдаги қароргоҳида мазкур шартноманинг бир йиллиги бўйича йиғилиш бўлиб ўтди ва унда корхона мутасаддилари Ўзбекистон ҳукумати вакилларининг саволларига жавоб берди. Масалан, тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодий-ижтимоий масалалар бўйича маслаҳатчиси Равшан Ғуломов GasGreen Asia айнан нима иш қилаётгани, ямалган қувурлар қанча муддат чидаш бера олиши ҳақидаги саволлар билан мутахассисларга юзланди.

“Айтайлик, мана бу газ трубаси. Унинг мана бу қисмида газ сизиб чиқмоқда. Сиз уни скотчладингиз ёки ямадингиз дейлик, бу қанча маблағ талаб қилади?” деди у.

Унинг бу саволига жавобан лойиҳа раҳбари Кевин Жеймес бу жараёнда аввало газ сизиб чиқишини топа оладиган сезгир машинадан фойдаланилиши билан жавоб берди.

“Бу вақтда фақат АҚШда ишлаб чиқарилган ўзига хос иккинчи машина дақиқасига неча литрда метан сизиб чиқаётганини ўлчайди. Кейин эса биз йилига қанча тонна карбонат диоксид гази (CО2) эмиссияси ҳавога чиқиб кетаётганини ҳужжатлаштирамиз. Мен сизга бу газ сизишларини тузатиш учун қандай илғор таъмирлаш материаллари ишлатилганлигини айта оламан. Ёриқларни таъмирлаганимиздан кейин ҳар йили камида бир марта, биз ўша таъмирлаган нуқталаримизга қайтиб борамиз ва уларнинг ҳолати ҳали ҳам яхшилигига ишонч ҳосил қиламиз. Чунки биз газ сизиб чиқаётган нуқталарни тузатиш учун фақат дунёдаги энг яхши материаллардан фойдаланамиз”, деди у давлат маслаҳатчисини ишонтириб.

Бу тортишув бежизга эмас. Гап миллионлаб доллар инвестициянинг қандай сарфланаётгани ҳақида бормоқда. 10 йилга мўлжалланган лойиҳа агар ўзини оқламаса, ҳам вақт, ҳам маблағ бекорга кетган бўлади. Бироқ масъулларнинг айтишича, дастлабки йилларданоқ лойиҳа ўз истиқболини кўрсатмоқда.

“Бу лойиҳа 10 йил муддатга мўлжалланган. Унинг умумий қиймати 35 миллион АҚШ долларига тенг. 2023-2024 йиллар давомида жами 8,5 миллион тўғридан тўғри инвестиция маблағлари ўзлаштирилган ва улар газ сизиб чиқиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида йўналтирилган. Келажакда яна 8 йил давомида 27 миллион АҚШ доллар инвестиция маблағларини ўзлаштириш кўзда тутилган”, дея лойиҳа қиймати ҳақида сўз очди “Ҳудудгазтаъминот” АЖ Инвестициялар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зафар Жабборов. Аммо ўзбекнинг “Эскини ямасанг, эсинг кетар” деган доно мақоли бор. Унга кўра, собиқ Совет давридан қолган газ қувурларидаги тешикларни қидириб, топиб, ямаб, бунда миллионлаб пул сарфлагандан кўра, бутунлай янгилаган афзал эмасми?    “Ҳа, тўғри, газ тизими нуқтаи назаридан келиб чиқадиган бўлсак, бу ерда эканлигимизнинг сабаби ҳам шу. Сизиб чиқишларни тузатиш учун имкониятлар мавжуд. Чунки тизимда жуда эски жиҳозлар бор. Мен Ўзбекистонда газ тизимлари билан нақ 15 йилдан буён ишлаб келаман ва тизимда катта яхшиланишни кўрдим. Газ қувурлари эскиргани учун ҳам  улар янгилаяпти, янги жиҳозлар ўрнатилмоқда. Сизнинг газ тизимингиз жуда улкан.  Биз қилаётган иш бу доимий равишда газ тизимини такомиллаштириш учун бир қўшимчадир”, деди Кевин Жеймс.

АҚШ корхонасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакили Азиз Абдужабборовга кўра, мана шу “ямаш”нинг ўзини янгилаш дейиш мумкин.

“Ҳа, биз бемалол СССР давридаги эски газ қувурларини янгилаяпмиз, дея оламиз. Боиси сиртдан қараганда эскилигича қолаётган бу қувурларнинг ички томони биз томонимиздан буткул ўзгартирилмоқда. Қишнинг ўта совуқ ва ёзнинг ўта иссиқ кунларида кенгайиб-торайиб қолмаслиги учун сифатли маҳсулотлардан фойдаланяпмиз”, деди у.

Гап газ сизиши ҳақида борар экан, Сурхондарё вилояти Бойсун туманида жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида юз берган ҳолатни эсламаслик мумкин эмас. Унда 4 киши ҳалок бўлган, бир қанча одамлар жароҳатланган. Маълум бўлишича, Ўзбекистондаги бу ҳолатни хорижликлар ҳам кузатмоқда ва муаммонинг бартараф этилишига умид билдирмоқда.

“Биласизми, АҚШда бу соҳаларда тажрибага эга бўлган кўплаб корхоналар мавжуд. Мен бир кун олдин Энергетика вазири билан гаплашдим. Вазирлик ва тегишли идоралар АҚШ компаниялари билан алоқада эканлигидан хабарим бор. Лекин улар айнан қайси компаниялар ва келишувларнинг табиати билан таниш эмасман. Лекин ишонамизки, улар муаммони имкон қадар тезроқ ҳал қилишади. Умид қиламанки, бошқа ҳеч ким қурбон бўлмайди, ҳеч ким зарар кўрмайди”, деди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ газ Ўзбекистон СССР

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made