Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари кетма-кет учинчи ой ҳам камайди
Таҳлил
−
08 Июль 2023
5392Марказий банк Ўзбекистоннинг халқаро валюта захираларига оид маълумотларни янгилади. Унга кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари охирги 3 ойда 1,7 млрд долларга камайиб, бугунги кунда 33,72 млрд долларни ташкил қилмоқда.
Бу эса 1 июль ҳолатига кўра, захиралар йил бошидан буён қайд этилган энг минимум қийматга тушганини англатади. Яъни захиралар ўтган ойга нисбатан деярли 650 млн долларга, сўнгги 3 ойда эса 1,68 млрд долларга камайган.
Олтин-валюта захиралари ўзи нима?
Олтин-валюта захиралари давлатнинг олтин ва бошқа мамлакатлар валюталаридаги расмий захирасидир. Улар давлатнинг юқори ликвидлиги (қарзни қоплаш учун фойдаланиладиган қимматбаҳо нарсалар) билан ажралиб турувчи активлари бўлиб, давлат ғазнаси ва марказий банклари, захира тизимлари томонидан назорат қилинади.
Олтин-валюта захиралари:
• қуйма олтин, танга, платина, палладий, кумуш каби қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан;
• давлатларо миқёсда захира валютаси сифатида тан олинган хорижий пул воситаларидан – АҚШ доллари, евро, швейцар франки, япон иенаси, фунт-стерлингдан;
• Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) чиқарадиган нақдсиз пул бирликларидан ташкил топади.
Олтин-валюта захирасининг мамлакат иқтисодиётидаги ўрни қандай?
Захиралар мамлакатнинг “хавфсизлик ёстиғи” ҳисобланади. Улар ташқи таъсирларга, фавқулодда ҳолатларга, макроиқтисодий хатарларга қарши ва ривожланиш учун молиялаштиришда буфер сифатида зарур бўлиб, захираларнинг етарлилиги бевосита ушбу шокларнинг хусусиятига боғлиқ.
Мамлакатнинг олтин-валюта захираси эса ишлаб чиқарилган товар ва хизматларни сотишдан келиб тушган хорижий валюта активлари ҳисобига кўпайиб боради.
Аммо бу пул бирликлари моддий жиҳатдан мавжуд бўлмайди. Бу воситалар ҳукуматнинг махсус ҳисобларида ёзилган бўлади ва улардан халқаро қарзларни узишда, давлатлар ўртасидаги ҳисоб-китобларда ва ХВЖ билан ўзаро алоқаларда фойдаланилади.
Айниқса, олтин-валюта захирасининг инфляцияни ушлаб туришда, миллий валютани молия бозорида қўллаб-қувватлаш учун валюта сотиб олишдаги аҳамияти катта. Масалан, мамлакатда хорижий валюталарнинг курси ошиб кетса, захира эвазига хорижий валюталар сотиб олинади ва миллий валютанинг қиймати ушлаб турилиши ҳисобига инфляциянинг олди олинади.
Маълумот учун, Ўзбекистонда хорижий валюталарнинг курси ҳамон кўтарилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан эълон қилинган 10 июль куни амалда бўладиган хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан қийматига кўра, мамлакатда долларнинг расмий курси 17,03 сўмга ошиб, 11 570,09 сўмни, евро курси 40,48 сўмга кўтарилиб, 12 589,41 сўмни, Россия рубли эса 1,76 сўмга баландлашиб, 126,52 сўмни ташкил этмоқда.
Олтин-валюта захирасига қўйилган талаблар қандай?
Олтин-валюта захиралари қатор талабларга жавоб бера олиши лозим. Бунда улардан ҳар қандай соҳада фойдаланиш имконияти бўлиши керак. Олтин-валюта захиралари осон жойлаштирилиши ҳамда осон қайтариб олиниши ҳам керак.
Қолаверса, олтин-валюта захиралари мамлакатнинг муомаладаги пул миқдоридан сезиларли даражада кўпроқ бўлиши керак. Бу захиралар ташқи қарзларни қайтаришга ва халқаро талаб – уч ой давомида импорт маҳсулотларни олиб киришга етиши лозим.
Шундай бўлсада, катта миқдордаги олтин-валюта захираларига эга бўлган йирик давлатлар деярли ҳеч нарсани хорижий банклар ҳисоб рақамларида сақламайди. Улар пул воситалари мамлакат ичида бўлишини ва ишлашини маъқул кўради.
Энг кўп олтин-валюта захираларига эга бўлган давлатлар эса Жаҳон олтин ташкилотининг (World Gold Counsil) 2023 йилги рейтинггига кўра, Хитой, Япония, Швейцария, Европа Иттифоқи, Саудия Арабистони, Тайвань, Россия, Гонгконг, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Бразилия ва Сингапурдир. Ушбу рўйхатда Ўзбекистон ўз олтин-валюта захиралари билан 66-ўринда турибди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон олтин сотиш бўйича дунёда 2-ўринни олгани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси