Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари камайди

Жамият

image

Ўзбекистоннинг расмий халқаро захиралари йиллик ҳисобда 3 миллиард доллардан ортиқроққа камайиб, 1 март ҳолатига кўра, улар 33,96 миллиард долларни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг февраль ойида халқаро захираларнинг ҳажми январь ойига нисбатан 1,98 млрд долларга камайган, шу билан бирга, октябрь ойидаги икки йиллик энг паст кўрсаткичдан 1,65 млрд долларга ошган.

Шунингдек, эркин айирбошланадиган валютадаги захиралар ҳажми бир ой давомида 1,24 миллиард долларга камайиб, 10,07 миллиард долларни ташкил этган. Ўзбекистоннинг хорижий банклардаги депозитлари ва нақд валюталари ҳажми ҳам 1,17 миллиард долларга камайган. Бу сўнгги тўрт ойдаги минимал кўрсаткич демакдир.

Бундан ташқари, тоннажнинг 100 000 троя унциясига (3,1 тонна) қисқаришини ҳисобга олган ҳолда, олтин захираси 717 миллион долларга камайган. Ҳозирда у 22,83 миллиард долларга баҳоланмоқда, бу жорий йилдаги энг паст кўрсаткич, аммо рекорд даражага яқин бўлишда давом этмоқда. 

Расмий статистик маълумотларга кўра, январ ойида Ўзбекистон 1,18 миллиард долларлик олтин сотган, бу умумий экспортнинг 56,75 фоизини ташкил этган. Қимматбаҳо металлни сотишдан тушган даромад ўтган январга нисбатан икки баравар ошган.

Маълумот учун, Марказий банк захирасида ҳозирда 391 тонна ёки 12,6 миллион унциядан бироз кўпроқ қимматбаҳо металл мавжуд. Экспертлар январь ойи бошида 2023 йилда жаҳон бозорида олтин нархи бир троя унцияси учун 1900 долларгача ошиши мумкинлигини тахмин қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

олтин олтин-валюта захира

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг