Ўзбекистоннинг қаерида қанча COVID-19 юқтирган бемор борлиги айтилди

Жамият

image

Аввалроқ, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан хасталанганлар 158 нафарни ташкил этаётгани, уларнинг 92 нафари (шундан 7 нафари соғайган, бир нафари вафот этган) Тошкентда даволанаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қолган 66 нафар бемор (шундан бир нафари вафот этган) қайси вилоятда даволанаётгани ҳақида маълумот берди.

Унга кўра, Фарғона вилоятида коронавирус инфекциясига чалинган 26 нафар бемор вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Фарғона ушбу кўрсаткич билан Тошкент шаҳридан кейинги ўринда туради. Уларнинг 9 нафари фарғоналик. Қолган 4 нафари андижонлик, 1 нафари жиззахлик, 3 нафари самарқандлик,7 нафари пойтахтлик, 2 нафари Тошкент вилоятидан. Касалликка чалинганларнинг 17 нафари шу йилнинг 25 март куни битта рейсда Туркиядан Фарғонага чартер рейсда келишган йўловчилар орасида аниқланган. Шу куниёқ улар стационар карантинга олиниб, касаллик тасдиқлангач ихтисослашган тиббиёт муассасасига ўтказилган.

Наманган вилоятида эса 15 ҳолатда ушбу инфекция аниқланган. Уларнинг 13 нафари 12 ва 13 март кунлари Туркия сафарида бўлиб қайтишган икки нафар коронавирус инфекцияси билан касалланган фуқародан юқтириб олишган. Айни пайтда беморлар вилоят юқумли касалликларга ихтисослашган шифохонада даволанишмоқда. Аввал хабар берганимиздек, бир нафар бемор вафот этган.

Андижон вилоятида 8 нафар бемор бор ва уларнинг барчаси андижонликлар. Бундан ташқари бошқа вилоятларда яна 6 нафар андижонлик бемор бор — 2 нафари Бухоро, 4 нафари Фарғона вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанишмоқда.

Ҳозирда бир нафар хоразмликда ушбу инфекция тасдиқланган. Аммо Хорамз вилояти юқумли касалликлар шифохонасида бундан ташқари, яна 5 нафар бемор даволанмоқда. Уларнинг 2 нафари сурхондарёлик, 1 нафари бухоролик, 1 нафари қорақалпоғистонлик, 1 нафари эса фарғоналик ҳисобланади.

Бухоро вилоятида 8 нафар, жумладан, Андижон ва Самарқанд вилоятларидан 2 нафардан, Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё вилояти ҳамда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан 1 нафардан бемор даволанмоқда. Уларнинг 4 нафари 22 март куни Истанбул – Бухоро чартер рейсида ва яна 4 нафари эса 24 март куни Москва – Бухоро чартер рейсида келган ва карантинга олинган, касаллиги тасдиқланиб, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанишмоқда.

Бундан ташқари, юқорида таъкидланганидек, Москвадан чартер рейсида келиб, касаллиги тасдиқланган 2 нафар бухоролик пойтахтда ва 22 мартда Москвадан чартер рейсида Урганчга учган бир нафар ушбу вилоят фуқароси Хоразм юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда.

Айни вақтгача уч нафар қашқадарёликда ушбу инфекция аниқланган. Шундан бемор билан мулоқот орқали ушбу инфекцияга чалиниб бир нафар фуқаро вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётган бўлса, қолган 2 нафари 21 март ва 28 март кунлари Москвадан  келган шаҳрисабзлик ва яккабоғлик фуқароларда аниқланган. Улар пойтахтдаги Вирусология илмий текшириш институти клиникасида муолажа олишмоқда.

Навоий вилоятидан ҳам 2 нафар асли ушбу ҳудуддан бўлган ва касалликка чалинган бемор билан мулоқотда бўлган фуқарода инфекция аниқланиб, вилоят юқумли касалликларга ихтисослашган муассасада даволанишмоқда.

Коронавирус инфекциясига чалинган беморлар ҳақида батафсил маълумот бериб боришда давом этамиз.


Мақола муаллифи

Теглар

карантин коронавирус

Баҳолаганлар

566

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг