Ўзбекистоннинг қарз инқирозига учраш хавфи юқорими?

Жамият

image

Ўзбекистоннинг қарз инқирозига учраш эҳтимоли пастлигича қолмоқда. Бу ҳақда Рон ван Руден бошчилигидаги Халқаро валюта жамғармаси миссиясининг асосий хулосаларини умумлаштирувчи баёнотда айтилган.  

Ўзбекистонда фискал барқарорликни таъминлаш учун ҳукумат бюджет тақчиллигини 2021 йилдаги ЯИМнинг деярли 6 фоизидан 2022 йилда ва ундан кейинги йилларда ЯИМнинг 3 фоизигача камайтиришни мақсад қилган. Пандемия кучайган тақдирда, фискал консолидацияни мақсадли қўллаб-қувватлаш чоралари билан кечиктириш керак. Ўзбекистонда бунинг учун бюджет имкониятлари мавжуд, негаки қарз инқирозининг юз бериш эҳтимоли пастлигича қолмоқда. 

Баёнотда қайд этилишича, Ўзбекистон пандемияни нисбатан яхши енгиб чиқди ва мамлакатда иқтисодий тикланиш жараёни фаол давом этмоқда. 

“Иқтисодиёт 2020 йилнинг иккинчи ярмида тиклана бошлади ва ҳукуматнинг тезкор ва кучли ҳаракатлари туфайли 2021 йилда давом этди. Жорий йилда ўсиш 7 фоизга яқин бўлиши кутилмоқда. Глобал тенденцияларни акс эттирувчи озиқ-овқат ва хомашё нархлари босими туфайли инфляция юқори даражада сақланиб қолди ва йил якунида у тахминан 10 фоизни ташкил этиши кутилмоқда”, дейилган баёнотда. 

Таъкидланишича, Ўзбекистонга асосий савдо ҳамкорларидаги ўсиш суръатларининг секинлашиши, хомашё, хусусан, олтин нархларининг ўзгарувчанлиги ёки жаҳон нархларининг ошиши ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. 

Баёнотга кўра, сўнгги йилларда эришилган ажойиб ютуқларга таянган ҳолда, расмийлар оқилона макроиқтисодий сиёсатни давом эттириш ва таркибий ислоҳотларни илгари суришга қатъий содиқдир. Бу келгуси йилларда кучли ва барқарор ўсишни таъминлаш, одамлар даромадларини яхшилаш ва камбағалликни қисқартиришга ёрдам беради. 

Қайд этилишича, фискал барқарорликни янада мустаҳкамлаш учун ҳукумат давлат ва давлат томонидан кафолатланган қарзни ЯИМнинг 60 фоизигача чеклайдиган янги қарз қонунини қабул қилишни режалаштирмоқда. 

“Улар буни қўшимча фискал қоидалар билан тўлдиришлари, йиллик бюджет тақчиллиги чегараларини ва Бюджет кодексига янги кафолатларни киритишлари, шу билан бирга давлат-хусусий шерикликни ҳам қамраб олишлари керак”, дейилган баёнотда. 

Таъкидланишича, расмийлар ҳақли равишда хусусий сектор томонидан кучли ўсишни таъминлашга эътибор қаратмоқда. 

“Тез ўсиб бораётган ишчи кучи билан янги иш ўринлари, айниқса, кичик ва ўрта хусусий корхоналарда пайдо бўлиши керак. Бунинг учун қонун устуворлиги мустаҳкам бўлган корхоналар учун тенг шароит яратиш, бозорларни очиш, рақобатни кучайтириш ва савдо интеграциясига кўмаклашиш зарур”, дейилган хабарда. 

Баёнотда қайд этилишича, давлат активларини бошқариш, хусусийлаштириш, тўловга лаёқатсизлик тўғрисида янги қонунларнинг қабул қилиниши қонунчилик базасини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлади. 

Таъкидланишича, қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, пахта ва ғалла нархини либераллаштириш, экин экиш талабларини пасайтириш қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини диверсификация қилиш ва кўпайтиришга хизмат қилмоқда. 

Баёнотга кўра, молиявий воситачиликни кучайтириш ва банк тизимида давлат банкларининг ролини камайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш зарур. Соғлом ва рақобатбардош банк тизими депозитларни жалб қилишни ошириш ва хусусий сектор ўсишини молиялаштиришга ёрдам бериш учун зарур. 

“Ҳукумат адолатли ва инклюзив ўсишни таъминлаш учун минтақавий ривожланишга тобора кўпроқ эътибор қаратмоқда. Минтақавий ва маҳаллий ҳокимият органларининг кенгайтирилган ваколатлари ва масъулияти каттароқ маъмурий салоҳият ва кучлироқ масъулият ҳамда шаффофлик билан бирга бўлиши керак”, дейилган баёнотда. 

Таъкидланишича, Ўзбекистон иқлим ўзгариши оқибатларини, об-ҳавонинг ўзгариши, ҳароратнинг ошиши ва ҳаво сифатининг ёмонлашувини ҳис қилмоқда. Таъсирни юмшатиш учун ҳукумат қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтишни бошлаган.

Энергия тарифларини бозор даражасига олиб чиқиш ва рақобатбардош энергия бозорини яратиш, шу билан бирга, заиф оилаларни ҳимоя қилиш энергия самарадорлигини ошириш ва ресурсларни тақсимлашда муҳим аҳамиятга эга бўлади. 

“Худди шундай, сув тобора тақчил ресурсга айланиб бормоқда, бу эса сувни янада самарали бошқаришни талаб қилади”, дейилган баёнотда. 

Хулосага кўра, ХВЖ Ўзбекистонга сиёсий маслаҳатлар ва техник ёрдам кўрсатиш орқали ёрдам беришда давом этади. 

Маълумот ўрнида, Ўзбекистоннинг давлат қарзи қолдиғи жорий йилнинг III чорагида 1,1 млрд. долларга (йил бошидан 2,1 млрд долларга) ошиб, 1 октябрь ҳолатига 25,3 млрд долларни ташкил этмоқда.  

Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи эса биринчи ярим йилликда 2 миллиард долларга ошиб, жами 35,9 млрд долларга етган. 

2022 йил якунига Ўзбекистоннинг умумий давлат қарзи 33,5 млрд АҚШ долларга етиб, ЯИМга нисбатан 45,2 фоизга тенг бўлиши прогноз қилинмоқда. 


Мақола муаллифи

Теглар

иқтисодиёт қарз инқирози

Баҳолаганлар

193

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг