Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги собиқ элчиси Суръат Мирқосимов вафот этди
Жамият
−
24 Март
6279Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги биринчи Фавқулодда ва мухтор элчиси Суръат Мирҳожиевич Мирқосимов бугун, 24 март куни узоқ давом этган касалликдан сўнг вафот этди. Бу ҳақда унинг дўстлари QALAMPIR.UZʼга маълум қилди.
Суръат Мирқосимов моҳир дипломат, педагог, Фавқулодда ва мухтор элчи бўлган. У дипломатияга доир 4 та ўқув қўлланма, 50 дан ортиқ илмий мақола ёзган.
Мирқосимов 1939 йил 25 апрелда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Миллати – ўзбек. Маълумоти – олий.
1963 йилда Тошкент давлат университетининг “Шарқшунослик” факультетини “имтиёзли”диплом билан тамомлаган. Диплом бўйича – шарқшунос, ҳиндшунос квалификациясига эга.
У 1991-1993 йиллар – Ўзбекистон Республикаси Халқаро гуманитар ва маданий алоқалар миллий ассоциациясининг биринчи ўринбосари, 1993-1997 йиллар – Ўзбекистон Республикасининг Ҳиндистондаги биринчи Фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимида, 1998-2012 йиллар – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият бошқаруви академиясининг Ташқи сиёсат ва дипломатия кафедраси фахрий профессори, 2012-2016 йиллар — Ўзбекистон Республикаси Давлат бошқаруви академиясининг Ташқи иқтисодий ва инвестиция фаолиятини бошқаришни ташкил этиш кафедраси фахрий профессори, 2016-2018 йиллар — Ўзбекистон Республикаси Давлат бошқаруви академиясининг Маърифат ва маънавият кафедраси фахрий профессори,
2018 йил сентябрдан Тошкент давлат шарқшунослик институтининг Жаҳон сиёсати кафедраси фахрий профессори лавозимида ишлаган.
Фавқулодда ва мухтор элчи, дипломат, педагог ҳамда фахрий профессор сифатида бир қатор халқаро конференциялар, симпозиум ҳамда семинарларда иштирок этган. Унинг илмий тадқиқот ишларининг асосий йўналишлари: дипломатия ва дипломатик протокол, дипломатия ва бизнес этикети қоидаларидир.
LiveБарчаси