Ўзбекистонлик ўқувчилар АҚШ университетларига юборилади
Жамият
−
27 Март
35833 ҳафталик интенсив ўқув курсларда яхши натижа кўрсатган 40 нафар ўқувчи Американинг “Печак лигаси” (The Ivy League)университетларига тажриба алмашиш учун юборилади. Бу ҳақда бугун, 27 март куни Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга оид тақдимот билан танишув чоғида сўз борди.
Қайд этилишича, бу борада “Мамлакат олтин фонди ҳамжамияти”ни тузиш таклиф этилмоқда. У орқали иқтидорли ёшлар ягона платформада бирлаштирилади. Хорижда таълим олиб қайтганлар учун имтиёзлар, грантлар, стартап дастурлари ва бошқа имкониятлар яратилади. Ҳар йили 25 майда ҳамжамият қурултойи ўтказилиб, унда таълим ислоҳотлари, иқтидорли ёшлар учун яратилган имкониятлар, чет эл олийгоҳлари тажрибаси каби мавзуларда мулоқот йўлга қўйилади.
Шу билан бирга, 2025 йил сентябрдан халқаро мактаб фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бунга дастлаб 8-синф битирувчилари орасидан энг иқтидорли 60 нафар ўғил-қиз саралаб олинади. Таълим дастури халқаро андоза асосида 3 қисмдан – асосий фанлар, ихтисослик фанлари, етакчилик ва ижтимоий фаолликни ўргатувчи фанлардан иборат бўлади. Ўқув йили 3 даврга бўлиниб, 11 ой давом этади.
Президентнинг яна бир ташаббусига мувофиқ, ёшларни Американинг “Печак лигаси” (The Ivy League) университетларига тайёрлаш йўлга қўйилади. Бунинг учун 6 босқичли Миллий дастур қабул қилинади. Бу йил дастлаб 3 минг нафар ўқувчи саралаб олинади. Уларга Президент ва ихтисослашган мактаблардан 208 нафар маслаҳатчи бириктирилади.
Ўқувчилар Ренессанс оромгоҳида йил давомида 3 ҳафталик интенсив ўқув курсларда ўқитилади. Яхши натижа кўрсатган 40 нафари “Печак лигаси” университетларига тажриба алмашиш учун юборилади.
Давлат раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашни тизимли йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.
LiveБарчаси