Ўзбекистонлик талаба Хитойдаги вазият ҳақида гапириб берди

Жамият

image

Хитойнинг Ухань шаҳридаги университетларидан бирида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба Абдураҳим Элбобоев шаҳардаги вазият ҳақида гапириб берди.

Маълумотларга кўра, Абдураҳим Уханда икки йилдан буён таҳсил олмоқда. Айни пайтда 11 миллион аҳоли яшайдиган шаҳар ёпиб қўйилган. 

“Шаҳар ваҳима ичида. Бироқ барча бир-бирига ёрдам бермоқда, ҳеч нарсадан қўрқишмаяпти”, деган у “Спутник” мухбирига берган интервьюсида.

Унинг айтишича, ўзи таҳсил олаётган институтда ҳозир қишги таътил, ўқишлар қачон бошланиши эса номаълум.

“Шаҳарда 31 январга қадар карантин эълон қилинди. Кўчага ҳеч ким чиқмаяпти. Нари борса, уйлари яқинидаги дўконга бориб келишяпти. Озиқ-овқат нархи сезиларли равишда, тахминан икки баравар ошди”, дейди Абдураҳим Элбобоев.

Талабанинг таъкидлашича, янги вирус тарқалишига қарамай, у Хитойда ўқишини давом эттираверади.

“Ота-онам мен ҳақимда хавотирда. Уйга қайтишимни ва вазият барқарорлашини кутишимни исташяпти. Мен февраль ойида Ўзбекистонга боришни ният қилганман, аммо семестр бошланиши билан яна Хитойга учиб кетаман”, деб қўшимча қилган у.

Сўнгги маълумотларга кўра, коронавирус қурбонлари сони Хитой бўйлаб умумий ҳисобда 41 нафарга етди. 25 январь ҳолатига кўра, Хитойнинг 29 та провинциясида ушбу вирусдан 1287 та касалланиш қайд этилган, 237 киши оғир аҳволда қолмоқда.    

Сарвар Анвар ўғли


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Хитой янги вирус

Баҳолаганлар

1009

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг