Ўзбекистонлик спортчи икки карра Жаҳон чемпионати совриндори бўлди
Спорт
−
23 Сентябрь 2023
4918Сербиянинг Белград шаҳрида ўтаётган спорт курашлари бўйича катталар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси ўзининг илк медалини қўлга киритди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, кеча, 22 сентябрь куни ўзбекистонлик спортчи Жасурбек Ортиқбоев юнон-рум кураши бўйича бронза медалини қўлга киритди.
55 килограмм вазн тоифасида курашган полвон учинчи ўрин учун кечган баҳсда молдовалик Артём Деленауни 6:1 ҳисобида доғда қолдирган. Ортиқбоев бу орқали кетма-кет иккинчи бор Жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритди.
Шунингдек, 77 килограмм вазн тоифасида курашга киришган Арам Варданьян илк ўтиш босқичида мисрлик Муҳаммад Заҳаб Ҳалилни мағлуб этган бўлса, бронза медали учун кечган баҳсда япониялик Нао Кусакага имкониятни бой бериб қўйган. Бироқ Варданьян Париж-2024 Олимпиадаси лицензияси учун саралаш баҳсларида қозоғистонлик Демеу Жадраевни мағлуб этиб йўлланмага эга чиқди.
Бу эса Ўзбекистон спортчилари орасида қўлга киритилган учинчи лицензия бўлди. Бунгача гимнастикачи Тахмина Икромова ҳамда эркин курашчи Жавраил Шапиев тўрт йилликнинг энг муҳим мусобақаси учун йўлланма олган эди.
LiveБарчаси