Ўзбекистонлик Олимпиадачилар қандай кутиб олинди? (видео)

Спорт 4686

Жорий йилнинг 9 август куни Токио Олимпиадасида иштирок этган делегация Ўзбекистонга қайтиб келди. 

Тошкент аэропортида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Маданият вазири Озодбек Назарбеков, Ўзбек Миллий академик драма театри раҳбари Ёдгор Саъдиев, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова, шунингдек, ғолиб ва совриндор спортчиларнинг ота-оналари олимпиячиларни қутлашди.

Олимпия делегацияси Тошкент халқаро аэропортида кутиб олингач, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева совриндор олимпиадачиларни Токиодаги муваффақият билан табриклади.

“Биз бутун бошли мусобақани юртимизга мухлислик қилиб, делегациямизнинг совринлар қўлга киритишига умидвор бўлиб кузатдик. Ҳозиргина айтиб ўтилди, бизнинг терма жамоамиз 200 дан ортиқ давлат иштирок этган Олимпиадада 32-ўринни эгаллабди. Осиё давлатлари орасида эса бу кўрсаткич бешинчи, Марказий Осиё ҳамда туркийзабон мамлакатлар орасида биринчи ўринни олди. МДҲ ҳамда Ислом давлатлари орасида кўплаб  ривожланган мамлакатларни ортда қолдириб, 2-ўринни эгаллади ва бизни ғурур-ифтихорга тўлдирди”, дейди Сенат раиси.

Норбоеванинг сўзларига кўра, давлат раҳбари ҳам Ўзбекистон вакилларининг Олимпиадада қилган чиқишларини кузатган.

“Азиз ўғлонларимиз, бизнинг барча спортчи қизларимиз бугун мана ўзларининг тинимсиз меҳнатлари ҳамда мураббийларининг меҳнати туфайли улар ёруғ юз билан юртимизга медаллар олиб, қайтиб келишди. Шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки, президентимиз Шавкат Мирзиёев спортчиларнинг ҳар бир чиқишини сиз қандай кўрган бўлсангиз, худди шу тарзда кузатиб бордилар. Уларнинг ишончини оқлашгани ҳам катта бир ютуқ”, дейди Норбоева.

Қайд этиш керакки, ушбу маросимда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ҳам иштирок этиб, Олимпия ўйинларидаги ноҳақликлар ҳақида гапириб ўтди.

“Олимпиада катта турнир, барчамиз уни диққат билан кузатиб бордик. Мусобақа пайти ҳаяжонланиб, айтишга иккиланиб турган эдим, лекин бу ҳақда айтмасам бўлмайди. Шу ёшга кириб ҳеч қачон бунақанги адолатсиз ҳакамликни кўрмагандим. Минг афсуслар бўлсинки, Миразиз Мирзахалилов, Турсуной Раҳимова ютган жойида ринг атрофидагилар номардларча ғалабани рақибига бериб юборишди. Бундай қилиш учун қанақа одам бўлиш керак, очиғи ҳайратдаман. Бундай ҳакамлар шу ишлари билан халқимизни ғазабига дучор бўлишди. Шунга қарамай, спортчиларимиз номардларча бўлган ҳакамликка ҳам бардош бериб, ўзининг бор иродасини бир муштга йиғиб, зўр ғалабаларга эришиб қайтиб келишди. Раҳмат сизларга!”, дейди Бош вазир.

Абдулла Ариповнинг сўзларига кўра, Токиодаги ҳакамлар Рио-2016 да ўзини кўрсатган боксчиларни руҳан синдирмоқчи бўлган.

“Нокас ҳакамларнинг нияти, Рио-2016 да ўзини кўрсатган боксчиларимизни шундай ҳакамликдан кейин иродаси синади деб ўйлаган эди. Мақсадлари ҳам ўзи шундай эди. Лекин, Улуғбек Рашидов, Акбар Жўраев ва охирги кунда Баҳодир Жалолов 2019 йилдаги Мустақиллик байрами куни президентимизга берган ваъдаларини бажарди. Миразиз ҳам, Турсуной ва бошқа спортчиларимиз ҳам хафа бўлиши керак эмас. Париж-2024 да ўзимизни кўрсатишга, ғурурларингизни намойиш этишга имконият бор. Барчаси ўз қўлингизда”, дейди Абдулла Арипов.

Тадбир давомида, Баҳодир Жалолов, Акбар Жўраев, Улуғбек Рашидов ва уларнинг оналари ўз таассуротлари билан ўртоқлашди. 

Шундан сўнг, Олимпиадачилар ва уларнинг ота-оналари Миллий Олимпия қўмитасига йўл олди.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида бўлиб ўтган ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида Олимпиада чемпионлигини қўлга киритган Улуғбек Рашидов, Акбар Жўраев ва Баҳодир Жалолов Tahoe автомобили ҳамда уч хонали “коттеж” билан, бронза медалга эга бўлган Беҳзод Абдураҳмонов ҳамда Давлат Бобонов Trailblazer ва икки хонали уй билан тақдирланди.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 83
Рейтинг: 3.1
t
×