Ўзбекистонлик Олимпиада рекордчиси ҲОҚ аъзолигига номзод бўлди

Спорт

image

Жорий йилнинг 20-21 июль кунлари Япониянинг Токио шаҳрида Халқаро олимпия қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси вакиллари ҳам иштирок этди.

Йиғилишнинг илк кунида бир қатор масалалар муҳокама қилинди. Анжуман доирасида Оксана Чусовитина Ўзбекистон спорти тарихида илк бор, Халқаро олимпия қўмитасининг спортчилар комиссиясига аъзо бўлиш имкониятига эга бўлди. 

Маълумот ўрнида, Оксана Чусовитина 1991 йилдан буён жаҳон ва қитъа чемпионатлари, Олимпия ва Осиё ўйинларида иштирок этиб келмоқда. Шунингдек, 8 бор Олимпиадада иштирок этиб, рекорд ўрнатган.

Таъкидлаш жоиз, ХОҚнинг спортчилар комиссияси 17 кишидан иборат. Шу кунларда мазкур комиссия аъзоларининг 4 нафари ўз ваколатини топширган. Бўшаб қолган ўринлар учун дунё миқёсидаги 30 нафар етакчи атлетлар номзоди илгари сурилмоқда. Комиссия аъзолигига номзод спортчилар шу кунларда Японияга таклиф этилган. Овоз бериш жараёни эса 3 августгача давом этади.

Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах йиғилишда спортчилар комиссиясига танланадиган 4 нафар номзодга овоз бериш жараёни ҳақида сўз юритиб, унинг онлайн тарзда ўтказилмаслиги, номзодлар қайси даражада бўлишидан қатъий назар барчаси тенг ҳуқуққа эга эканлиги, улар танлангунига қадар Токиодаги “Олимпия қишлоғи”да бўлишга ҳақли эканини таъкидлаб, 3 август куни сайланадиган аъзолар орасидан ХОҚ Спортчилар комиссияси раиси аниқланишини ҳам маълум қилди. Ушбу комиссия раиси ўз навбатида, ХОҚ ижроия қўмитаси аъзолигига ҳам қабул қилинади.

Бундан ташқари, йиғилишда 6 та спорт тури — лакросс, чирлидинг, айсшток, самбо, кикбоксинг ва муай-тай Халқаро олимпия қўмитаси томонидан тан олинган спорт турлари сифатида кўрсатилди. Лекин бу уларнинг олимпия ўйинлари тизимига киритилганини англатмайди. Бугунги кунда дунёда 10 дан зиёд спорт тури ташкилот томонидан тан олинган бўлса-да, олимпия ўйинларига киритилмаган.

Анжуманда олимпия ўйинлари шиорига бироз ўзгартириш киритилгани, олис 1894 йилдан бери қўлланиб келинган “Сitius, Altius, Fortius”, яъни “Тезроқ, баландроқ, кучлироқ” шиорининг давомига “биргаликда” ибораси қўшилгани ҳам маълум қилинди.

Йиғилишнинг якуний қисмида Австралиянинг Брисбен шаҳрига 2032 йил бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларининг мезбонлик хуқуқи берилгани тўғрисида хабар берган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

Оксана Чусовитина Токио-2021 Халқаро олимпия қўмитаси Миллий олмпия қўмитаси Олимпиада рекордчиси

Баҳолаганлар

122

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг