Ўзбекистонлик олимлар коронавируснинг олдини оладиган сут яратди
Бу қизиқ
−
22 Февраль 2022
7467Ўзбекистонда олимлар сигир ва эчкиларни коронавирусга қарши эмлаш орқали SARS-CoV-2 га антитаначалари бўлган сут олишга муваффақ бўлди. Тадқиқотчилар бундай сут ичиш аҳолини COVID-19 дан қисман бўлса ҳам ҳимоя қилади, деб умид қилмоқда. Бу ҳақда “bioRxiv”да маълумот берилган.
Тадқиқотчилар она сутида COVID-19 га қарши эмланган ёки ундан тузалган аёлларда SARS-CoV-2 га антитанача борлигини пайқаган ва COVID-19 га қарши эмланган сигир ва эчки сутидан аҳолини иммунизация қилиш учун фойдаланиш мумкинлигини таклиф қилган.
Муаллифлар уй эчкилари ва сигирларини одамларга мўлжалланган ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси билан уч марта эмлаган. Нейтраллаштирувчи антитаначалар биринчи эмлашдан икки ҳафта ўтгач аниқланган. Тажрибалар шуни кўрсатганки, антитаначалар SARS-CoV-2 ни муваффақиятли зарарсизлантиради — қон зардобида самарадорлик 100 фоизга, сутда 40 фоизга етган.
“Экспериментал синовларнинг биринчи натижалари шуни кўрсатдики, инсон учун мўлжалланган ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси SARS-CoV-2 га қарши ўзига хос нейтраллаштирувчи антитаначаларни ўз ичига олган иммунобиологик фаол сут ва зардобни олиш учун уй хўжалик ҳайвонларини эмлашда хавфсиз ишлатилиши мумкин”, деган муаллифлар.
Улар шу тарзда ишлаб чиқарилган сутни аҳолини оммавий пассив иммунизация қилиш учун ишлатиш мумкинлигига умид қилмоқда. Бундан ташқари, пастеризациядан кейин антитаначалар сақланиб қолади, бу эса сутни катта ҳажмда тайёрлаш имконини беради.
LiveБарчаси