Ўзбекистонлик мигрантларга қайси давлатда талаб юқори?
Жамият
−
16 Сентябрь 2020
13519Хорижда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг аниқ статистикаси мавжудми? ўзбекистонлик мигрантлар асосан қайси давлатларга чиқмоқда ва кимлар иш топишда муаммоларга дуч келмоқда? Бу каби саволлар билан QALAMPIR.UZ Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошқарма бошлиғи Азим Ахматовга юзланди.
Унинг таъкидлашича, бутун дунёда, жумладан Ўзбекистонда ҳам аниқ рақамлар мавжуд бўлмаган. Охирги йилларда олиб борилган ишлар натижасида бироз бўлса-да ҳақиқатга яқин статистик кўрсатгичларни шакллантиришга эришилган.
“Бугунги кунда хорижда меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқароларимизнинг сони ўртача 2 миллион атрофида. Шундан 1 миллион 500 мингдан ортиғи Россияда, 200 мингга яқин фуқаролар Қозоғистонда, 70 мингга яқини Кореяда меҳнат қилмоқда”, дейди Азим Ахматов.
Қайд этилишича, Ўзбекистон фуқароларининг чет давлатларга ишга чиқиб кетишида маълум қийинликлар мавжуд. Айрим давлатлар мигрантлардан кириш визасини, бошқалари эса ишлаш визасини талаб қилади. Табиийки, ўзбекистонлик мигрантларнинг асосий қисми виза талаб этилмайдиган, ортиқча ҳужжатбозликлардан холи мамлакатларга кириб бормоқда. Буларга Қозоғистон, Россия ва МДҲнинг бошқа давлатлари киради.
Азим Ахматовга кўра, Россия ва Қозоғистонда қурилиш ишлари кўп бўлгани сабабли, эркакларга талаб юқори. Уй хизматчилари ва энагаларга эҳтиёж юқори бўлган Туркия ва Бирлашган Aраб Aмирликларида аёллар учун иш топиш ва ишга жойлашиш осон.
Маълумот ўрнида, айни вақтда Россиянинг Екатеринбург шаҳрида 90 мингга яқин, Новосибирскда 200 минг, Самарада 100 минг нафар, Уфада 70 минг нафар, Чимкент 100 минг, Истанбулда 300 минг ўзбекистонлик ишламоқда.
Aҳрорбек Ҳайруллаев
LiveБарчаси